Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида Қозоғистонда меҳнат фаолиятини олиб бораётган вақтда инсултга чалинган фуқаро юртга қайтарилди.

Маълум қилинишича, фуқаронинг мурожаати ва соғлиғи ҳолати инобатга олиниб, Бош консулхона томонидан унга Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган. Шунингдек, Олмаота–Тошкент йўналиши бўйича авиачипта харид қилинишида ҳам амалий кўмак кўрсатилган.

Қозоғистоннинг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва миграция органлари билан ҳамкорликда фуқаронинг мамлакат ҳудудидан қонунчилик талабларига мувофиқ чиқиб кетиши таъминланган.

Шу билан бирга, мазкур масалани ҳал этиш жараёнида Ўзбекистон фуқаросини вақтинча яшаш жойи, кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлаш, ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда бошқа ижтимоий-маиший масалаларда беғараз ёрдам кўрсатган Қозоғистон фуқаросига Бош консулхона номидан миннатдорлик билдирилди.

Таъкидланишича, дипломатик ваколатхона хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларга тезкор консуллик ёрдамини кўрсатиш бўйича ишларни изчил давом эттиради.