АҚШ давлат котиби вазифасини бажарувчи Жон Салливан ва Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Суриянинг Думасида рўй берган кимёвий ҳужумни, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг бу ҳодисага бўлган муносабатини муҳокама қилди. Бу ҳақда РИА «Новости» Давлат департаменти баёнотига асосан хабар бермоқда.

«Давлат котиби вазифасини бажарувчи Жон Салливан Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон билан икки марта телефон орқали мулоқотда Суриянинг Думасида рўй берган кимёвий ҳужумни муҳокама қилди. Ушбу ҳодиса ўнлаб айбсиз одамлар ҳаётига зомин бўлди ҳамда яна бир неча юзлаб кишиларга зарар етказди», - дейилади баёнотда.

Шунингдек таъкидланишича, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ғарб давлатларининг рўй берган ҳодисага эҳтимолий жавобини муҳокама қилишган.