Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Хавфсизлик Кенгашида Сурия бўйича бир қарорга кела олишмади
Россия ва АҚШ сешанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгашига Сурияда кимёвий қурол қўлланилишини суриштирувдан ўтказиш бўйича ўз резолюция лойиҳаларини киритди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам маъқулланмади.
Ҳаммаси бўлиб учта ҳужжат тақдим этилди. Улар Суриянинг Думасида кимёвий моддалардан фойдаланилган ҳолда амалга оширилган ҳужумга ўзига хос жавоб бўлиши керак эди. Маълумот манбасига қатор интернет нашрлар ва Қатарнинг “Ал-Жазира” телеканали томонидан тарқатилган видеоёзувлар айланди.
Ғарб Сурия ҳукумати, уни қўллаб-қувватлаётган Россия ва Эронни айблади. Дональд Трамп Лотин Америкасига ташрифини бекор қилиб, бор эътиборини Сурияга жавоб қадамларини ишлаб чиқишга қаратди. Бундан ташқари, Трамп жавобнинг кўплаб ҳарбий вариантлари ҳақида маълум қилди. Франция президенти Эммануэль Макрон эса бу Башар Асад иттифоқчиларига алоқадор бўлмаслигини айтди.
Москва суриялик ҳарбийлар томонидан ташланган хлорли бомба ҳақидаги маълумотни рад этди. Россия ТИВ баёнотига кўра, Сурия қўшинлари томонидан заҳарловчи моддаларнинг ташланиши – террорчиларни тўсиб қўйиш ва ташқаридан берилиши мумкин бўлган эҳтимолий зарбаларни оқлашдир.
Россия овоз беришга иккита ҳужжатни қўйди. Биринчиси – БМТда Суриядаги кимёвий ҳужумларни суриштирувдан ўтказиш бўйича механизмни таъсис этиш ҳақида. Иккинчиси – Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) миссиясини Думага юборилишини қўллаб-қувватловчи резолюция.
АҚШ ўз навбатида БМТ Хавфсизлик Кенгашига Суриядаги кимёвий ҳужумларни суриштирувдан ўтказишнинг янги механизмини таъсис этиш ҳақидаги резолюция лойиҳасини киритди.
АҚШнинг доимий вакили Никки Ҳейли барча давлатларни Россия қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламасликка чақирди. Унинг фикрича, ҳужжатнинг Америка варианти “БМТ Хавфсизлик Кенгаши бу ҳужумга жавобан қилиши мумкин бўлган минимумдир” ва айнан у мустақил суриштирувдан ўтказилишини кафолатлайди.
Россия якунда бу резолюцияга вето қўйди, Россия лойиҳалари эса керакли тўққизта овозни ололмади.
Буюк Британиянинг БМТдаги доимий вакили Карен Пирснинг журналистларга билдиришича, Россия ташаббуси анча кеч қолган, сабаби “КҚТТ бу иш билан шуғулланмоқда”.