АҚШ Сурияга зарба бериш учун биринчи навбатдаги 22 та мўлжални белгилаб олди. Бу ҳақда Суриянинг халқаро муносабатлари бўйича мутахассиси Закариё Молаховичга иқтибос келтирган ҳолда Yeni Safak турк нашри хабар бермоқда. 

Мўлжаллар Хомс вилоятида ҳамда россиялик ҳарбийлар жойлашган Тартусдаги таъминот пунктида жойлашган. 

АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Исроил Сурияни бомбардимон қилишда биргаликда ҳаракат қилади. Зарбалар беришда турли синфдаги ракеталар қўлланмоқчи. Таъкидланишича, зарбалар бериш вақтида алоҳида эътибор ҳарбий аэродромларга қаратилади.

Мўлжаллар орасида, шунингдек, Хомс, Дамашқ, Тартус, Хама, Ал-Хасака, Даур-аз-Зор ва Раққадаги ҳарбий базалар бор. 

Молаховичнинг таъкидлашича, АҚШ курд отрядлари ва Сурия ҳукумат кучлари ҳамда шиа кучлари ўртасида ихтилоф бор ҳудудларга ҳам ҳужум қилиши мумкин.

“Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг йўқ қилиниши кучлар мувозанатини ўзгартиради”, деб айтган Молахович.

Унинг айтишича, АҚШ бу сценарийни амалга оширадиган бўлса, Россия Ҳмаймим авиабазаси ва Суриядаги бошқа объектларида жанговар тайёргарлик даражасини оширганини ҳисобга олади.