Самарқанд вилояти ва Хитойнинг Шэнси провинцияси ишбилармон доиралари ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш мақсадида Сиан шаҳрида халқаро бизнес-форум ва тақдимотлар ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев бошчилигидаги делегация шу кунларда Хитой Халқ Республикасининг Шэнси провинциясида бўлиб турибди, деб хабар бермоқда Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

8 апрель куни Самарқанд вилояти ва Шэнси провинцияси ишбилармонлар доиралари икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш мақсадида вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация аъзолари Сиан шаҳридаги халқаро логистика марказида вилоятнинг инвестицион имкониятлари ҳамда экспорт салоҳияти мавзусида бизнес-форум ўтказди.

Тадбирда Сиан шаҳрининг вице-мэри, жаноб Гао Гао, Шэнси провинцияси ташқи ишлар департаменти масъул ходимлари ҳамда йирик ишбилармон вакиллари иштирок этишди.

Ўтказилган бизнес форумда Ўзбекистон Республикаси, жумладан, Самарқанд вилоятининг инвестицион имкониятлари, экспорт салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказилиб, видеоролик намойиш этилди.

Сианлик ишбилармонлар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинган бизнес-форум савол-жавобларга бой бўлди. Тақдимот якунида Самарқанддан ташриф буюрган 26 нафар тадбиркор ва Шэнси провинциясидан иштирок этган компаниялар вакиллари ўзаро музокара олиб боришди.

Ташрифнинг биринчи кунида қиймати 23,6 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш ҳисобига 3та лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

Жумладан, «Sam Eco Root» МЧЖ корхонаси негизида қизилмия экстракти ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишда «Liaoning Sindpond Titanium Industry» компанияси қиймати 12,6 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестицияни йўналтириш бўйича меморандум имзоланди.

«Оптима Собиржон» МЧЖ негизида медицина соҳасида бир марта ишлатиладиган латекс қўлқоплар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун «CTMTS» компаниясидан қиймати 1 млн. долларлик асбоб-ускуналарни сотиб олиш бўйича шартнома имзоланди.

«Самарқанд кимё» акциядорлик жамияти негизида кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишда «Liaoning Sindpond Titanium Industry» компанияси томонидан қиймати 10 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестицияларни йўналтириш бўйича меморандум имзоланди.