Ўзбекистонлик журналист ва блогерлар Mail.ru Group компаниясига қарашли Одноклассники ижтимоий тармоғининг Москвадаги офисига ташриф буюришди.

Маслов Пиар компанияси томонидан ташкиллаштирилган мазкур медиа-турда Kun.uz ахборот агентлиги вакиллари ҳам иштирок этишди.

Одноклассники ижтимоий тармоғи 2006 йилнинг март ойида веб-дастурчи Альберт Попков томонидан ишга туширилган. Компаниянинг дастлабки ойлардаги аудиторияси сони 1,5 миллионни ташкил этган бўлса, 2017 йил июль ойида фойдаланувчилар сони 4 миллионга етади.

Ҳозирда ОК.Ру тармоғи Mail.ru Group холдинг компаниясига тегишли бўлиб, мазкур компанияни Алишер Усмонов бошқаради.

Саёҳатнинг биринчи кунида ташкилотчилар Москва шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан таништиришди. Журналистлар Кремль, Қизил майдон, шунингдек, янги қуриб битказилган замонавий боғ каби кўнгилочар масканларни томоша қилишга муваффақ бўлишди.

Маълумот ўрнида: ОК.Ру ижтимоий тармоғига Ўзбекистонда бир ойда 1,8 миллион фойдаланувчи ташриф буюради. Кунлик аудитория эса 644 мингни ташкил этади. 2018 йил ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон Одноклассникидан энг кўп фойдаланувчи мамлакатлар орасида Беларусь ҳамда Қозоғистондан сўнг учинчи ўринда туради. 

Медиа-тур мавзуси ОК.Ру сайтининг фаолиятига бағишланди. Тадбирда Ўзбекистон делегациясидан ташқари, Беларусдан ташриф буюрган журналистлар ҳам қатнашишди.