Бу ҳафта дам олиш кунлари аввалгилардан ҳам қизиқ бўлади. Бир қатор қизиқарли дербилар ва Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун ўзаро курашлар билан бирга, Франция, Нидерландия чемпионатларида расман ғолиб аниқланиши, Туркия, Португалия каби биринчиликларда эса, яққол фаворитни билиб олишимиз мумкин бўлади. Келинг, бир бошдан.

БАЙЕР – АЙНТРАХТ (14 апрель, 18:30)

Кучли тўртлик учун ҳақиқий кураш Бундеслигада кечмоқда ва биз деярли ҳар ҳафта бу гапни айтишдан чарчамаяпмиз. Чунки ҳар турда у ерда шаклланган ўзига хос Топ-7 йўлланма учун ўзаро курашишмоқда.

Ҳар икки жамоа ўтган турда асосий рақибларга қарши ўйнашди. Франкфуртликлар дуранг қайд этишган бўлса, «Байер» сафарда чиройли ғалабага эришди ва кучли тўртликка кириб олди.

«Байер»да 48 очко, «Айнтрахт» 46 очко билан бешинчи ўринда бормоқда. Шунингдек, «Лейпциг»да ҳам 46 очко мавжуд. Демак, «Байер» агар ғалаба қозонса, ушбу курашда ўз имкониятини янада яхшилаб олиши мумкин. 

БАРСЕЛОНА – ВАЛЕНСИЯ (14 апрель, 19:15)

«Барселона» чемпионлик, «Валенсия» эса кучли тўртликка кириш масаласини деярли ҳал қилган бўлишса-да, бу ўйин жуда яхши афиша, шунингдек, бу жуфтликнинг биринчи даврадаги учрашуви ҳам қизиқ ўтганди.

Бундан ташқари, «Валенсия» ҳозирда «Реал»дан 1 очко олдинда бормоқда ва якунда мадридликлардан юқори ўринни эгаллаш ҳам мухлислар учун ёқимли.

«Барселона» эса Римдаги даҳшатдан сўнг ўзига келиб олиши, энг муҳими, мухлислар олдида ўзини оқлаб олиши керак. Тўғри, ҳеч қандай ғалаба Чемпионлар Лигаси ярим финалини қайтариб бера олмайди, лекин шундай бўлса ҳам, мухлис халқи кечиримли, чиройли ўйин бўлиши шарт.

Бошқа тарафдан, икки ойдан кейин жаҳон чемпионати бошланади. Мавсумнинг асосий мусобақасидан чиқиб кетган «Барселона» етакчилари энди айнан ўша мусобақа ҳақида қайғуришни бошлашлари ва имкон қадар жароҳат олмасликка интилишлари ҳам мумкин.

ТОТТЕНҲЕМ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (14 апрель, 23:45)

«Манчестер Сити» ўтган турда чемпионликни расман ҳал қилиш имкониятини бой бериб қўйди ва энди Пеп Гвардиола жамоаси қолган 6 ўйиндан 2тасини ўз фойдасига ҳал қилишига тўғри келади. Бунга вақт ҳам, ҳафсала ҳам етарли, зеро «шаҳарликлар» сешанба куни «Ливерпуль»дан мағлубиятга учраб, Чемпионлар Лигасидаги курашни тўхтатди.