Жаҳон | 10:15 / 14.04.2018
19246
2 дақиқада ўқилади

Жээнбековдан кутилган қадам: бош прокурор ишдан кетди, адлия вазири ўзгарди

Фото: gov.kg

Асқарбек Шодиев Қирғизистон бош вазири биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти девонининг ахборот сиёсати бўлими хабар берган.

Унинг маълумотларига кўра, Сооронбай Жээнбеков Шодиевнинг истеъфосини қабул қилган.

Асқарбек Шодиев Жўқорғу Кенешнинг халқаро бўлими собиқ мудири Арсен Зокиров томонидан бюджет маблағларини йирик миқдорда талон-торож этиш ҳолати бўйича олиб борилаётган суриштирув ишлари сабаб ўз лавозимидан кетишга қарор қилган.

Шунингдек, Сооронбай Жээнбековнинг фармони билан Индира Жолдубаева бош прокурор лавозимидан озод этилди. Конституцияга кўра, президент бош прокурорни Жўқорғу Кенеш депутатлари умумий сонининг камида ярми розилиги билан ишдан бўшатиши мумкин. Истеъфо учун ЖКнинг 105 депутати овоз берган бўлса, 2 нафари қарши чиқди. Индира Жолдубаева бош прокурор лавозимини 2015 йилнинг 28 январь куни эгаллаганди.

Бундан ташқари, Сооронбай Жээнбеков Айнур Абдилдаевани адлия вазири этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ундан аввал бу лавозимни эгаллаган Уран Ахметов 2 апрель куни истеъфога чиқди. Адлия вазири бир неча марта парламентда танқид остига олинганди. Сўнгги можаро эса, Уран Ахметов ҳужжатларни хато билан тақдим этгани туфайли рўй берди.

Айнур Абдилдаева бундан аввал Адлия вазирлиги статс-котиби сифатида ишлаган.

Шунингдек, Сооронбай Жээнбековнинг фармони билан Мурат Мукамбетов ҳукумат аппарати раҳбари – Қирғизистон Республикаси вазири этиб тайинланди. 

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг аввалги раҳбари Нурханбек Момуналиев март ойи ўрталарида истеъфога чиққанди. 

Мукамбетов бош вазир аппаратида 2003 йилдан бери ишлаб келади. 2012 йилда ҳукумат аппарати раҳбари биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

Мавзуга оид