15 апрель куни Ўзбекистон Кубоги 1/16 финали доирасида 8та учрашув бўлиб ўтди. Турнирни биринчи босқичдаёқ Суперлиганинг икки жамоаси - «Металлург» ва «Навбаҳор» тарк этди.

«Андижон» ва «Навбаҳор» ўртасида кечган водий дербисида мезбонлар кичик ҳисобда ғалаба қозонишди. Мавлоновнинг 78-дақиқада урган голи андижонликларни кейинги босқичга олиб чиқди.

Суперлиганинг икки вакили – «Сўғдиёна» ва «Металлург» жамоаларининг ўзаро  баҳсида омад майдон эгаларига кулиб боқди.  Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Жаҳонгир Абдумўминов томонидан киритилган гол жиззахликларга ғалаба келтирди.

Шу куни ОКМК Олмалиқда Наманганнинг «Норин» жамоасини битта тўп фарқи билан енгди, «Қўқон-1912» Зоминда иродали ғалабага эришди. Ўйинда дастлаб мезбонлар 2:0 ҳисобида олдинда боришди, ўйин якунига қадар ҳисоб тенглаштирилди– 2:2, қўшимча бўлимларда эса қўқонликлар битта гол уриб, кейинги босқичга чиқишди.

«Локомотив-БФК» меҳмони бўлган «Сурхон» рақибга ҳеч қандай имкон қолдирмади. Фарҳод Тожиев дубл қайд этган бўлса, Дилшод Хушбақов ва Сардорбек Эминов битта голга муаллифлик қилишди.

«Хотира-79» – «Динамо» ўйинининг асосий вақтида ҳам ғолиб номи аниқланмади. Самарқандликлар қўшимча бўлимдаги гол эвазига 1/8 финалга йўл олди.

«Машъал» «Истиқлол» устидан 1:0 ҳисобида устун келди, «Шердор» «Хоразм» дарвозасига 3та гол урди (3:2).

Биринчи кунги ўйинларда стадионларга энг кўп томошабин ташрифи Андижонда кузатилди. «Андижон» ва «Навбаҳор» жамоалари баҳсини кузатиш учун стадионга 6100 нафар томошабин келди. Бу борада кейинги кўрсаткич Наманганда қайд этилди – «Хотира-79» ва «Динамо» жамоалари учрашувини 2850 нафар мухлис бевосита стадионнинг ўзидан кузатган. Мухлислар ташрифи борасида энг ёмон кўрсаткич Самарқандда кузатилди «Шердор» - «Хоразм» ўйинида стадион трибуналарида 312 мухлис бор эди.

Бугун, 16 апрель куни турнир иккинчи босқичи доирасида яна 4 учрашув ўтказилади:
16:00 «Орол» — «Ғиждувон»
16:00 «Ифтихор» — «Ёзёвон» 
18:00 «Шўртан» — «Нефтчи»                  
19:00 «Қизилқум» — «Бухоро»      

Эслатиб ўтамиз, янги форматга кўра, Ўзбекистон Кубогининг яримфиналгача бўлган барча босқичида жамоалар битта ўйин ўтказишади.

Ўзбекистон Кубоги
1/16 финал