Жаҳон | 15:00 / 17.04.2018
27391
2 дақиқада ўқилади

Арманистонда «бахмал инқилоб» бошланди

Арманистон «Фуқаролик келишуви» мухолиф партияси раҳбари, парламент депутати Никол Пашинян мамлакатда «бахмал инқилоб» бошлангани ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқатмоқда.

«Мамлакатда инқилобий вазият юзага келди. Гюмри, Иджеван, Ванадзор, Капан ва Метсамор шаҳарларида ҳам намойишчилар кўчаларни ва халқаро трассаларни тўсиб қўйишмоқда. Одамлар ишга чиқмаяпти, оммавий иш ташлашлар бошланди», деган у. 

Айни вақтда Арманистон парламентида мамлакатнинг собиқ президенти Серж Саргсянни бош вазир этиб сайлашга бағишланган йиғилиш ўтказилмоқда. Саргсяннинг номзоди ҳукмрон Республика партияси томонидан илгари сурилган.

16 апрель куни авжига чиққан намойишчилар бугун ҳам давом этди, мухолифат тарафдорлари Ереван марказидаги парламент биносини қамалга олишган, радикал мухолифлар шаҳар маркази бўйлаб марш уюштиришмоқда, полиция билан тўқнашувлар рўй бермоқда. Мухолифатчилар етакчиси маълумотларига кўра, шу вақтгача 30 нафар намойишчи полиция томонидан қўлга олинган. Полиция куч ишлатиш билан таҳдид қилмоқда.

16 апрель куни Пашинян тарафдорлари Ереван кўчаларини тўсиб қўя бошлашди ва парламент биносини эгаллашга уриниб кўришди. Полиция махсус воситалар қўллаб, намойишчиларни чекинтирди. ТАСС маълумотларига кўра, душанба кунги тўқнашувлардан кейин 12 киши шифохонага ётқизилган. Арманистон бош прокуратураси оммавий тартибсизликлар юзасидан жиноий иш очган.

2017 йилнинг декабрида Арманистон бошқарувнинг президентлик шаклидан воз кечиб, парламентар республикага айланганди. Бу қарор собиқ президент Серж Саргсян ташаббуси билан ўтказилган референдум натижаларига кўра қабул қилинган. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, конституцион ислоҳотни ёқлаб, референдум иштирокчиларининг 63,37 фоизи овоз берганди (825 минг киши), 32,32 фоиз сайловчи қарши чиққанди (421 минг киши).

Серж Саргсян президентлик лавозимини 2018 йилнинг 9 апрелида, 10 йиллик бошқарувдан кейин тарк этди.

Мавзуга оид