Буюк Британия пластик трубкалар ва пластикдан бошқа бир марталик маҳсулотларни тақиқлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Guardian мамлакат бош вазири Тереза Мэйнинг баёнотига асосан хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, тақиқ ҳақидаги қарор Британия Ҳамдўстлиги давлатлари ҳукумат раҳбарлари учрашувида эълон қилинади. Таъкидланишича, Британия учрашувда пластик муаммосини ҳал қиладиган янги технологиялар ривожига тахминан 86 млн доллар ажратиши ҳақида маълум қилади.
«Буюк Британия ҳукумати бу масалада жаҳон етакчиси саналади, ҳамда Британия жамоатчилиги пластик пакетлардан фойдаланганлик учун йиғимларни қабул қилиш ва пластик гранулаларни тақиқлашда фаоллик кўрсатди. Бугун биз пластик чиқиндиларни янада қисқартириш бўйича катта режаларимизни илгари сурмоқдамиз», - дейилади Мэйнинг баёнотида.
Шу билан бирга, мамлакат Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотларига кўра, Буюк Британияда ҳар йили тахминан 8,5 млрд пластик трубкалар чиқиндига ташланади.












