14:10 / 19.04.2018
38337

Дрогба, Ван Перси ва Роналдуни АПЛ тахтидан ағдараётган юлдуз: Салоҳ ҳақида 11 факт

«Мисрлик Месси» ушбу мавсумда ақл бовар қилмас даражада ўйин кўрсатмоқда ва бунга унинг ажойиб статистикаси ҳам далолат қилмоқда. Агар «Ливерпуль»нинг сўнгги йиллардаги энг яхши ҳужумчилари билан солиштирсак, Салоҳ Торрес (илк мавсумда барча мусобақаларда 33 гол) ва Суаресдан (31 гол) яхшироқ кўрсаткич қайд этиб улгурди.

Муҳаммад Салоҳ Премьер Лига футболчилари орасидаги сўровнома бўйича тузилган рамзий терма жамоадан ҳам жой олди. Ушбу жамоага киритилган 6 футболчи (Кейн, Эриксен, Силва, Де Брюйне, Де Хеа ва Салоҳ) ушбу мавсумдаги АПЛнинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлик қилмоқда. Сўнгги йилларда асосан чемпион жамоа таркибидаги футболчига топширилган бу соврин бу сафар истисно ҳолатида «Ливерпуль» ҳужумчисига тегиши мумкин. «Манчестер Сити» таркибида Де Брюйне, Силва каби футболчилар ажойиб ўйин кўрсатаётганликларига қарамасдан, Салоҳнинг бу рақобатда пешқадам экани ҳақиқатан ҳам катта натижа. Ва бу шунчаки, алдов эмас, рақамларга мурожаат қилганимизда ҳам, 25 ёшли ҳужумчининг кўрсаткичлари эътиборга молик.

1. Бир мавсумда урган голлари сони бўйича энг яхши африкалик футболчи

Фото: Squawka

Муҳаммад Салоҳ 30 гол уришга эришиб бўлди, бу АПЛда шу пайтгача тўп сурган африкалик футболчилар ичида энг яхши натижадир. Афсонавий Дрогба 2009/10 йилги мавсумда 29 гол урганди. Ўша мавсумда «Челси» ҳаммаси бўлиб 103та гол урган, Дрогбанинг голлари лондонликларга «Манчестер Юнайтед»ни 1 очкога ортда қолдириб, чемпион бўлишга ёрдам берганди.    

2. АПЛда энг кўп гол урган мисрлик футболчи

Бир пайтлар «Тоттенҳэм», «Мидлсбро», «Уиган», «Вест Ҳэм» каби жамоалар сафида ўйнаган Мидо АПЛда жами 22 гол урганди. Салоҳ бир мавсумда ҳамюртининг натижасидан анчагина илгарилаб кетди.  

3. АПЛда ҳет-трик қилган илк мисрлик футболчи

Шу йилнинг 17 мартида «Ливерпуль» «Уотфорд» устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва Салоҳ бу ўйинда покерга эришди. Учинчи голдан кейин Салоҳ бир қатор кўрсаткичларни қайд этди – Клопп бошқаруви пайтидаги «Ливерпуль» футболчисининг илк ҳет-триги, 2013 йилдан буён «Энфилд»даги илк ҳет-трик ва 2014 йилдан буён умуман ҳет-трик қайд этган илк «Ливерпуль» футболчиси. 

4. Энг кўп марта ойнинг энг яхши футболчиси

Фото: Squawka

Муҳаммад Салоҳ – АПЛ тарихида бир мавсумда 3 марта ойнинг энг яхшиси сифатида тан олинган дастлабки футболчи. Ноябрь, февраль ва март ойларида у шундай эътирофга сазовор бўлди. Ҳужумчида яна икки имконият бор.

5. Бир мавсумда чап оёқда энг кўп гол урган футболчи

30 голдан 23тасини Муҳаммад чап оёқда урган. АПЛ тарихидаги энг яхши кўрсаткич. Бунгача Робби Фоулер ( у ҳам «Ливерпуль»да ўйнаган) чап оёқда 19 гол урганди.

6. Дебют мавсумда «Ливерпуль»да энг кўп гол урган футболчи

Фото: Squawka

Муҳаммад Салоҳнинг «Энфилд»даги илк мавсумидаги 30 голи Фернандо Торреснинг натижасини яхшилади. Испаниялик ҳужумчи «Ливерпуль»даги илк мавсумида 24 голга муаллифлик қилганди.

7. Криштиану Роналдудан кейинги, бир мавсумда барча мусобақаларда 40дан ортиқ гол урган илк футболчи

«Борнмут» дарвозасига урилган гол Салоҳнинг бу мавсумда барча мусобақалардаги 40-голи бўлди. Бу кўрсаткич бўйича, ҳозирча Криштиану Роналду рекордчи бўлиб турибди, у 2007/08 йилги мавсумида 42 гол урган. Аммо Салоҳ ҳали АПЛнинг кейинги 4 турида ва ЕЧЛда камида 2 ўйинда майдонга тушиши мумкин. У Роналдунинг рекордини янгилаши кутилмоқда.

8. Бир мавсумда 40дан ортиқ гол урган учинчи «Ливерпуль» футболчиси

1961/62 йилги мавсумда Рожер Ҳант, 1983/84 ва 1986/87 йилги мавсумларда Иан Раш бир мавсумда 40дан ортиқ гол уришнинг уддасидан чиқишган. Юз йилдан ортиқ тарихга эга клуб сафида Муҳаммад Салоҳ мана шу учликка киришга муваффақ бўлди.

9. Бир мавсумда ЕЧЛда энг кўп гол урган «Ливерпуль» футболчиси

Фото: Squawka

Бу кўрсаткич бўйича мисрлик юлдуз жамоадоши Роберто Фирмино билан тенг бормоқда. Ҳар икки футболчи ҳозирча 8 гол муаллифи бўлишди ва бу натижани ошириш учун камида икки ўйинга эгалар.

Қайд этиш жоизки, иккала футболчи ҳам ЕЧЛ саралашининг сўнгги босқичида биттадан гол уришган, лекин голлар фақат гуруҳ босқичдан бошлаб ҳисобга олиб борилади.

10. Барча мусобақаларда 50дан ортиқ голда қатнашган илк АПЛ футболчиси

Бундай рақамларнии фақат Ла Лигада Месси ёки Роналду ижросида кўрардик. Салоҳ ушбу мавсумда 40 голдан ташқари, 11 маротаба голли пасни амалга оширган. 

11. Муҳаммад Салоҳ – АПЛнинг 22 ўйинини голсиз тарк этмаган илк футболчи

Ўз вақтида Робин ван Перси ва Криштиану Роналду бир мавсумнинг 21 ўйинида гол уришнинг уддасидан чиқишганди. Салоҳнинг «Борнмут»га қарши ўйини унинг майдонни голсиз тарк этмаган 22-ўйини бўлди. 

Албатта, бу фақат бир мавсумдаги кўрсаткичлар. Салоҳнинг ҳақиқатан ҳам ушбу лига афсонасига айланиб, юқорида тилга олинган Дрогба, Роналду, ван Перси ёки Фоулер даражасига чиқиши учун яна бир неча йил мана шундай темпда ўйнаши керак бўлади. Бу қандай амалга ошади ёки Суарес, Коутиньо каби юлдузлар каби у ҳам Испанияга кетиб қоладими, вақт кўрсатади. Ҳозирча шуни айтиш мумкинки, Салоҳ ҳар томонлама, ушбу мавсумда АПЛнинг энг яхши ўйинчиси бўлишга лойиқ бўлиб улгурди.

Интернет материаллари асосида

Top