Ўзбекистон | 14:25 / 19.04.2018
62125
2 дақиқада ўқилади

Президент Бухорода йиғилиш ўтказди. Сусткашликка йўл қўяётган мутасаддилар жиддий огоҳлантирилди

Президент Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи чоғида дастлаб вилоят ва туманлар ҳокимлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, мутасаддилар билан йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

«Маълумки, ўшанда вилоят иқтисодиётини ҳар томонлама ривожлантириш, янги саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш, маҳаллийлаштириш даражаси ва экспорт ҳажмини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар қуриш бўйича кўплаб топшириқлар берилган эди. Бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар ажратилди», дейилади хабарда. 

Йиғилишда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар кутилган даражада эмаслиги жиддий танқид қилинган. Муддатидан кечикаётган ёки бажарилмаётган лойиҳалар кўрсатиб ўтилиб, бунинг сабаблари муҳокама этилган.

Шавкат Мирзиёев белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётган мутасаддиларни жиддий огоҳлантирди. Барча режалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, «аравасини тортолмаган» раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўриш бўйича топшириқлар берди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид