
Ўзбекистон ўз ривожланишининг жадал ислоҳотлар босқичига кирди. Ҳар бир соҳада ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Тадбиркорлик учун кенг имкониятлар тақдим этиш борасида давлат раҳбарияти томонидан жадал ислоҳотлар олиб бориляпти. Президент Шавкат Мирзиёев деярли ҳар бир чиқишида “битта иш ўрни яратган тадбиркорни бошимда кўтариб юришга тайёрман”, дея тадбиркорлик билан шуғулланишга катта туртки бермоқда. Буни эътироф этиш керак, аммо... баъзи нохуш ҳолатларни ўрганиш чоғимизда, айрим идораларнинг тадбиркор муаммосига бармоқ орасидан қараётгани тадбиркорнинг асаб бузишига, вақт ва салоҳиятини бизнесини ривожлантиришга эмас, муаммони ҳал қилишга сарфлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Меҳржон кўчаси, 35-А уй манзилида жойлашган “Ravshan Yodik Production” МЧЖ картон қутилари, плёнка маҳсулотлари ва гранулалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Фирмада асосан ёшлардан иборат 51 киши меҳнат қилиб, улар томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотлар республикадаги мижозлар қаторида хориждаги харидорларга ҳам етказиб берилмоқда. Хусусан, Исроил ва Хитойга 100 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилинган.
Афсуски, сўнгги вақтларда ушбу фирма осмонини “қора булутлар” қоплаган, десак муболаға бўлмайди. МЧЖ жойлашган ҳамда Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкидан олинган жами 1 млн АҚШ долларига яқин кредит учун кафолат сифатида қўйилган манзил, яъни ишлаб чиқариш ва бошқа ёрдамчи бинолари Тошкент Руҳий касалликлар шифохонаси таъмирланиши муносабати билан бузилишга тушган. Фирма жойлашган ҳудуд бинолардан тозаланиб, унинг ўрнида очиқ турдаги автомобиль тураргоҳи барпо этилиши кўзда тутилган. Буни 2018 йил 26 январь куни Тошкент шаҳрида қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг бориши тўғрисида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида ўтказилган сайёр йиғилиш баёнидаги қайддан ҳам билса бўлади.

Биз вазиятни ўрганиш мақсадида “Ravshan Yodik Production” фирмасига ташриф буюрдик. Кичик корхонада ишлаб чиқариш жараёни деярли автоматлаштирилгани, ишчилар ўз меҳнатидан кўнгли тўқлиги, улар учун тақдим этилган шарт-шароитлар, ойлик иш ҳақлари қаноатлантираётгани, 3 маҳал иссиқ овқат, узоқдан келувчилар учун транспорт воситаси мавжудлиги ҳам тадбиркорлик фаолияти тўғри ташкил этилганини кўрсатади. Гапнинг индаллосини айтганда барчаси рисоладагидек йўлга қўйилгани кишини қувонтирди. Ишчиларнинг 60 фоиздан ортиғи ёшларни ташкил этади.
Маълум бўлишича, конвертация очилиб, сўм девальвация бўлганидан сўнг, МЧЖ кредит олган банкига мурожаат қилиб, кредит муддатини 5 йилдан 10 йилга узайтиришни сўраган. Шу вақтда, банк ходими мижозига уларнинг кафолатга қўйилган ишлаб чиқариш корхонаси бузилишга тушганини билдирган. Биз фирма муаммоларига ойдинлик киритиш ниятида МЧЖ раҳбари Рустам Бўриев билан суҳбатлашдик.















