Спорт | 18:39 / 19.04.2018
9737
4 дақиқада ўқилади

ЎФА Рамазон ойида ўйинларнинг вақтини ифторлик ва таровиҳ намозлари вақтига мослаштиради

Фото: Tribuna.Uz

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигаси раҳбарияти Рамазон ойида футбол учрашувлари вақтини мухлислар талабидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов сўзларига кўра, Рамазон рўзаси туфайли ўйинларнинг танаффус вақти ифторлик вақтига, тугаши эса таровиҳ намозининг бошланиш вақтига мослаштирилади.

«Мухлисларни футбол майдонларига қайтариш учун изланишдан тўхтамаймиз. Улар учун яратиб бериладиган ҳар қандай шароит биринчи навбатда ўзимизни ҳам хурсанд қилади. Бунда биринчи галда ифторлик вақтини ҳисобга олиш керак. Яъни, футбол учрашувлари шундай вақтга қўйиладики, таймларнинг тугаши оғиз очиш вақтига йўл очиб беради. Ислом динига эътиқод қилувчи футбол мухлисларимиз ифторлик қилиш ҳамда ўз фарзларини адо этиш имкониятига эга бўлишади.

Рамазон ойида юртдошларимиз, шунингдек, таровеҳ намозларига ҳам шошилади. Шундан келиб чиқиб, ўйинларнинг тугаш вақтини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Муҳими — муборак ой давомида футбол мухлислари ўз фарзларини бемалол адо этиш баробарида, стадионларга келишда ҳам давом этишсин. Футбол ҳаммамиз учун байрамдек ўтиши керак».

Раҳбарнинг таклифига кўра, тадбиркорлар учун стадионларга ташриф буюриб, егуликлар ва ичимликларни сотиш учун рухсат берилади.

«Тадбиркорлар ҳам бундай вақтда ўзларини кўрсатишларини истардим. Стадионларда оғиз очиш ниятида бўлган минглаб одамлар бўлади. Демак, уларга егуликлар, ичимликлар олиб келиш ҳам савобли иш, ҳам чўнтакка бироз бўлса ҳам фойда бўлиши мумкин. ЎФА ҳамда Ички ишлар вазирлиги ўзаро самимий ҳамкорликни йўлга қўйганимиздан келиб чиқсак, рўзадорлар учун мана шундай хизматларни кўрсатиш истагида бўлганлар учун барча стадионлар ўз эшикларини очиб беради. ЎФА эса босқичма-босқич стадионларимизда мана шундай хизматлар узлуксиз йўлга қўйилиши устида иш олиб боради».

Бундан ташқари, жаҳон чемпионати вақтида Суперлига ўйинлари тўхтатилади, демоқда Умид Аҳмаджонов. 

«Бунгача Профессионал футбол лигаси ўйинларнинг иш вақтида бошланмаслигига аҳамият бериб келаётганди. 8-турдан бошлаб эса айрим ўйинлар вақти ҳавонинг исиши сабаб бироз кечиктирилади. Шунингдек, ҳар тўрт йилда бир бор ўтадиган жаҳон чемпионати вақтида эса Суперлига клублари таътилга чиқиб кетади. Яъни, мундиал ҳавосидан нафас олишни истаган футбол мухлисларининг эътибори иккига бўлиниб қолмайди».

Биринчи вице-президент сўзларига кўра, ўйинларни ифторликка мослаштириш фақат Суперлигада амалга оширилади. Про-лига учун бу тааллуқли эмас.

«Суперлигада 12 та клуб бўлса, улар мамлакатнинг турли бурчакларидан. Демак, ПФЛ ҳар бир вилоятда ифторлик вақти соат нечага тўғри келаётганига эътибор қаратиши керак. Чунки республиканинг ғарбий ва шарқий минтақаларида оғиз очиш фарқи деярли 1 соатни ташкил қилиши ҳам мумкин. ПФЛ раҳбариятига ҳозирча Суперлига борасида топшириқ берилди. Про-Лига клубларининг савиясини 2—3 йилда кўтариб олсак, бундай масалалар уларни ҳам чеклаб ўтмайди».

Маълумот учун, Рамазон ойи вақтида Суперлиганинг 12, 13, 14, 15-тур учрашувлари, шунингдек, Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финал босқичи бўлиб ўтади. ПФЛ мана шу турларга ўйинлар вақтини Диний қўмита томонидан эълон қилинадиган Рамазон тақвимидан келиб чиқиб белгилайди. Бу борада бирор-бир ўзгаришлар бўлса, мухлисларга маълумот берилади. Шунингдек, уларнинг фикр ва мулоҳазалари ўринли бўлса, улар ҳам имкон қадар кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Рамазон май ойининг ўрталарида бошланиши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид