Бугунги кунга келиб Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиқмоқда. 18 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва хонимни қабул қилди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Президентнинг Facebook'даги саҳифасида Кан Гён Хва хоним билан учрашув якунларига кўра ўтказилган қизиқарли суҳбат видеоси тақдим этилди.

- Айни дамдаги Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини қандай баҳолайсиз?

- Ўзбекистон ва Корея Республикаси стратегик ҳамкор ҳисобланади. Ўтган йилнинг ноябрида президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифи икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Корея Республикаси президенти жаноб Мун Чже Ин ва Ўзбекистон Республикаси президенти жаноб Мирзиёев давлатни бошқаришда ҳамфикр бўлиб, умумий фалсафага эгадир, шунингдек, улар ташқи сиёсатни юритишда ҳам бир йўналишда ҳаракатланишади. Икки мамлакат раҳбарлари учрашувида томонлар икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда уч асосий келишувга эришишди. Булар:

1. Икки томонлама муносабатларни оптималлаштириш ва кенгайтириш;

2. Икки томонлама муносабатлар ривожи учун хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш;

3. Амалий ҳамкорлик диверсификацияси.

Бу келишувларга риоя қилган ҳолда, жорий йилнинг февралида Корея Республикаси бош вазири ўринбосари ва режалаштириш вазири Ким Дон Ён ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикаси бош вазири иштирокида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди, икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Март ойида Кадрларни бошқариш вазири жаноб Ким Пан Со Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф давомида томонлар ўзаро фикр алмашишди ва давлат бошқарув тизимидаги кадрлар фаолиятини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. Бугун мен Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турибман ва менга маълум қилишларича, бу Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга сўнгги 11 йилдаги илк ташриф экан.

Фото: Ўзбекистон24

-Ташрифингиз мақсадлари ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз. Сизнинг учрашувингизда стратегик ҳамкорликнинг қандай устувор йўналишлари белгилаб олинди?