"Ўзтўқимачиликсаноат" ассоциациясида Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигидаги "Европа бозори учун тўқимачилик маҳсулотлари сертификацияси" мавзуида семинар бўлиб ўтди. Тадбир соҳада замонавий технологияларни татбиқ этиш, ташқи бозорда маҳаллий тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда уларнинг Европа бозорларига чиқишини соддалаштириш масалаларига бағишланди. Ассоциация матбуот котиби KUN.UZ'га шу ҳақида хабар берди.

"Ўзтўқимачиликсаноат" ассоциациясининг FI Hohenstein (Германиянинг Хохенштайн тадқиқот институти) билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификация агентлиги бош директори ўринбосари Музаффар Хамзаев, вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек Ўзбекистоннинг текстиль компаниялари вакиллари иштирок этишди.

Фото: Ўзтўқимачиликсаноат ассоциацияси матбуот хизмати

Семинар давомида "Ўзтўқимачиликсаноат" ассоциацияси раиси И.У.Ҳайдаров республикада сифатли тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларининг кенг ассортиментини ишлаб чиқариш, шунингдек маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда соҳа ривожи учун зарур ҳуқуқий база ва қулай шароитлар шакллантирилди. Шундай бўлса-да, маҳсулотлар синовига йўналтирилган лабораторияларнинг паст самарадорлиги ва уларнинг аксариятида халқаро аккредитацияларнинг йўқлиги экспорт салоҳиятини оширишга тўсқинлиқ қилмоқда.

Фото: Ўзтўқимачиликсаноат ассоциацияси матбуот хизмати

Шунингдек миллий стандартларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш ва сифат менежментига замонавий тизимларни кенг татбиқ қилиш маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга ва ташқи савдодаги тўсиқларни бартараф этишга ёрдам беради.

Семинарда Германиянинг Хохенштайн тадқиқот институти асосчиси ва президенти Стефан Михельс тақдимот билан иштирок этди.

Фото: Ўзтўқимачиликсаноат ассоциацияси матбуот хизмати