Ўзбекистон | 17:20 / 23.04.2018
92589
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйича 2018 йилда нечта қишлоқ ва маҳалла ободонлаштирилади?

2018 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги ПФ-5386-сон фармони имзоланганди.

«Обод қишлоқ» дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясига тақдим этилган маълумотларга кўра, барча вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидан «Обод маҳалла ва қишлоқ» дастури амалга ошириладиган қишлоқлар ва маҳаллалар тўғрисидаги маълумотлар жамланган.

Унга кўра, республикамизда 2018 йил мобайнида 370 қишлоқ ва маҳаллалар дастурга биноан ободонлаштирилади. Ушбу қишлоқ ва маҳаллалардаги 301 минг 969 хонадонда 1 миллион 550 минг 498 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ободонлаштириш ишларига бириктирилган ташкилотлар республика бўйича 6396тани ташкил этмоқда.

Қайд этиб ўтиш керак, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир туманида 2тадан маҳалла ва қишлоқ «Обод қишлоқ» дастури бўйича ободонлаштирилиши назарда тутилган. Самарқанд шаҳрида 2та маҳалла, шунингдек, Тошкент шаҳрининг 11та туманида 4тадан жами 44та маҳалла ҳам дастур бўйича ободонлаштирилади.

Ободонлаштирилувчи қишлоқ ва маҳаллаларга вилоят ва тумандан масъул шахслар, шунингдек, масъул лойиҳа ташкилотлари ҳам белгилаб берилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид