Чемпионлар лигасида бугун ва эртага ярим финалнинг биринчи учрашувлари ўтказилади. «Трибуна» учрашувлар анонсини тақдим этади.
«Ливерпуль» - «Рома»: Салоҳ номли ўйин
Бу мавсум мисрлик футбол юлдузига аталмоқда. Ҳозирда Салоҳ - шунчаки футболчи эмас. Яқиндагина Салоҳ иштирокида наркотикка қарши ижтимоий реклама ишланди. Асосий ролни «Ливерпуль» ҳужумчиси ижро этган. Салоҳ мисрликлар учун идеалга айланмоқда. Ролик охирида у шундай дейди: «Сен наркотиклардан кучлисан». Бир неча кун ўтиб, Миср Ижтимоий таъминот вазири Гада Валиотметила гиёҳвандликдан тузалишни истаб қилинаётган қўнғироқлар сони 400 фоизга кўтарилганини маълум қилди.
Мисрда Салоҳ - фиръавнга айланган. Ўтган мавсумда у императорга ёрдам берарди. Ўшанда мисрлик футболчи «Рома»да Франческо Тотти билан ўйнарди. У ўтган мавсумда Италия чемпионатининг 31 ўйинида 15 гол урди. Ўтган мавсумда ҳам у ўзини намоён қилганди, аммо кўпчилик у кейинги мавсумда Англия чемпионатини ағдар-тўнтар қилишини тахмин қила олмасди. У ўтган ҳафтада «Ливерпуль» сафида 31-голини урди ва Англия чемпионатида бир мавсумда кўп гол уриш бўйича рекордни такрорлади, кўп ўтмасдан мавсумнинг энг яхши футболчиси учун аталган совринни қабул қилиб олди.
Тақдирлаш маросими якунланиши билан Юрген Клоппдан у видеотабрик олди: «Кубокни ташла ва Ливерпулга қайт. Сешанба куни ўйин бор».
«Рома» - ярим финалда яққол аутсайдер, аммо ўтган босқичда ҳам ҳамма шундай деб ўйлаганди. Римликлар эса енгилмас «Барселона»ни йирик ҳисобда енгиб, турнирдан чиқариб юборди. Шу туфайли «Ливерпуль»ни ҳалитдан финалга олиб чиқиш ўринсиз. Римликлар жамоаси рақибларга ҳурмат билан муносабат билдирмоқда: «Реал» ва «Бавария» жуда кучлидир, «Ливерпуль»дагилар эса худди биз каби ҳақиқий жангчилардир», деди Найнголан.
Бу клубни ярим финалда кутмаганлар кўнишга мажбур. «Ливерпуль»нинг бу мавсумдаги ҳужумкорлигига ҳар қандай клуб ҳавас қилади, «Рома» гладиаторча характер кўрсатмоқда. Аввалига «бўрилар» «Шахтёр»га қарши биринчи мағлубиятли ўйиндан чиқиб кетишди, кейин «Барселона»га қарши қарама-қаршиликда қаҳрамонлик кўрсатилди. Ҳамма Салоҳ ва Месси тўқнашувини кутганди – аммо буни яна кутишга тўғри келади.
Ким нима деди?
Юрген Клопп, «Ливерпуль» бош мураббийи: «Улар Салоҳни яхши билишади, лекин у энди уларнинг жамоадоши эмас. Кўрамиз, бу қандай бўларкин.
Икки жамоада ҳам финалга чиқиш учун имконият бор, энг муҳими имконият борлиги. Шуни мақсад қилиб, унга интилиш керак. «Рома» учун ярим финал – худди биз учун бўлгани каби алоҳида натижа. Бу ҳаммага ҳам насиб қилмайдиган лаҳзалар. Агар бу лаҳзалардан лаззатлана олмасангиз, сизда нимадир жойида эмас». (УЕФА расмий сайти)
















