Жаҳон | 17:41 / 25.04.2018
6310
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон парламенти янги бош прокурор номзодини тасдиқлади

Қирғизистон парламенти депутатлари мамлакат бош прокурори лавозимига Ўткурбек Жамшитов номзодини кўриб чиқишди ва тасдиқлашди. Унинг номзоди учун 109 депутат овоз берган, қарши овозлар бўлмаган, дея хабар беради kabar.kg сайти.

Манбага кўра, овоз бериш жараёни махфий равишда электрон жиҳозларсиз ўтган.

Жамшитовнинг номзоди Қирғизистон президенти Сооранбой Жээнбеков томонидан тақдим этилган. Собиқ бош прокурор Индира Жолдубоева президентнинг 13 апрелдаги фармони билан лавозимидан четлатилди.

Фото: kabar.kg
Ўткурбек Жамшитов

Жамшитов номзодини кўриб чиқишда депутатлар давлат органларида коррупцияга, шунингдек фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари ҳимоясига эътибор қаратишни сўрашди. 

Қатор парламентарийлар қўзғатилган жиноий ишларни, айниқса давлат хизматчилари, ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари вакиллари иштироки қайд этилган ишларни тугаллаш заруратини таъкидлашди.

Бундан ташқари, парламентарийлар Қирғизистон фуқаролари экстрадициясига доир ишлар кучайтирилиши керак деб ҳисоблашади. 

Депутат Тинчтик Шойназаров 2019 йилнинг 1 январидан қатор янги Кодекслар кучга киришини таъкидлади.

Яна бир депутат Акилбек Жапаров эса 2014 йилда контрабанда бўйича қўзғатилган 259 ишдан 29 тасигина судгача бориб етгани, 2015 йилда 269 жиноий ишдан 17 тасигина суд органлари томонидан кўриб чиқилгани ва 6 нафаргина киши жазога тортилганини қайд этди.

Шунингдек депутатлар бош прокурорликка номзодга давлатга етказилган моддий зарарни қайтаришга доир ишларни кучайтиришни таклиф қилишди.

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид