Kun.uz сайтига сўнгги пайтларда бозорлар ҳудуди ва ундаги муаммолар бўйича жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Лекин мазкур ўрганилган мурожаат умуман ўзгача тарзда. Муаммо маркази бу сафар Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ҳисобланади.
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 15 март санасида «Ер майдонида ободонлаштириш ва бузиш ишларини олиб бориш ҳақида»ги №430 сонли қарори чиқарилган. Қарорга кўра, Сергели тумани, Янги Сергели кўчаси бўйида жойлашган юридик ва жисмоний шахсларга тегишли нотурар жой биноларни бузилиши ҳисобига ҳудудда ободонлаштириш ишларини олиб боришга рухсат берилган. Қарорга эътиборимизни қаратадиган бўлсак, унинг 3-қисмида нотурар жой бинолари бузилишга тушган юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарар турини ва миқдорини қоплаш бўйича белгиланган тартибда тегишли комиссия хулосаси олиниши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Ваколатли комиссия хулосаси олинганидан сўнг, бузилиш ишлари амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Белгиланган тартиб-қоида бўйича бузилиш ишлари ҳақида аввало жисмоний ва юридик шахсларга огоҳлантириш берилиши керак эди. Чунки, жисмоний ва юридик шахслар ҳудудида мавжуд бўлган товар ёки моддий қийматга эга бўлган ашёлари, маҳсулотларини ташиб олиши учун вақт керак. Қарорга эътирозимиз йўқ. Бироқ, огоҳлантириш масаласи бўйича фуқаролар ҳеч қандай маълумот олишмаганини, бузилиш ишлари эса усиз ҳам бошлаб юборилганини тасдиқлашди. Сергели туман ҳокимлиги вакиллари билан бўлган суҳбат чоғида эса улар огоҳлантириш хати берилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қила олмади.

Ҳокимият вакилларидан қарорда кўрсатилган ҳудудда бузилишга тушган нотурар жой биноларига етказилган зарар тури ва миқдори юзасидан ваколатли комиссия хулосасини сўраганимизда ҳам улар бундай ҳужжатни кўрсата олишмади. Ваҳоланки, шаҳар ҳокими қарорига кўра, ваколатли комиссия хулосаси олинганидан сўнг, бузилиш ишлари амалга оширилиши белгилаб ўтилган.

Қарорнинг бешинчи бандида эса бузилишга тушган юридик ва жисмоний шахсларга компенсация тариқасида Сергели туманида савдо мажмуалари ва нотурар-жой объектларини жойлаштириш юзасидан ер майдони ажратиш ҳам кўрсатиб ўтилган. Лекин, ер майдони ажратилишидан дарак йўқ. Ўнлаб тадбиркор ва юзга яқин ишчиларнинг эса боши қотган. Нима қилишини, қаердан нажот келишини билмайди.



















