Кечаги оғир вазндаги жангдан кейин бугун ўрта вазнли жамоалар ўртасида ярим финал ўйинлари бўлиб ўтади. «Рома» ва «Ливерпуль» мадридликларнинг қетма-кет учинчи ғалабасига ким тўсқин бўла олишига ойдинлик киритадилар.

«Рома»нинг «Барселона» устидан ғалабасидан сўнг, «Энфилд»даги 2:5 дан кейин ҳам мезбонларда имконият қолгани ҳақида кўпчилик гапирмоқда. Бу ҳолатга икки томонлама ёндошиш мумкин. Биринчидан, Клоппнинг гапи тўғри, «Ливерпуль» «Барселона» эмас, шу маънодаки, жамоа сўнгги 10 йилда илк маротаба ЕЧЛ ярим финалида ўйнамоқда ва рақибни менсимаслик, муддатидан олдин ўзига ортиқча баҳо бериб юбориш ҳолатлари бўлмайди. Бу «Рома»нинг вазифасини нисбатан янада қийинлаштиради.

Иккинчидан, энди «Рома» шунчаки, майдонга тушиш ва имкон туғилса, вазиятни ўзгартириш учун эмас, айнан ҳисобни тенглаштириш режаси билан ўйнайди. Чунки, «Барселона»га қарши ўйин римликларга ўзига ишонишни ўргатиб қўйди. Стадиондаги муҳит ҳам дастлабки дақиқалардан ўша чорак финалдагидан кўра кучлироқ бўлади. Бу энди, «Ливерпуль»га осон бўлмаслигини англатади. 

ЖАМОАЛАР ҲОЛАТИ
Кечаги рақиблар ҳақида сўз борганда, бундай рукн шарт эмасди, чунки «Бавария» учун ҳам, «Реал» учун ҳам ички чемпионатда ҳаммаси якунига етган, бор эътиборни Чемпионлар Лигасига қаратишганди. Бугунги жуфтлик мураббийлари учун эса, вазият бироз мушкулроқ, ҳар икки жамоа келаси мавсумда ЕЧЛ да қатнашиш ҳуқуқи учун аёвсиз жанг олиб бормоқда.

Бу нуқтаи назардан, «Ливерпуль»нинг кайфияти рақибига қараганда бироз ёмонроқ деб айтиш мумкин. Клопп жамоаси айнан ЕЧЛ ўйинлари олдидан бўлаётган турларда ички фронтда муваффақият қозона олмади. «Вест Бромвич», «Эвертон» ва «Сток Сити» билан дуранглар натижасида ҳозирда «Ливерпуль» ўзини тўлиқ хавфсиз ҳис қила олмайди. Якшанба куни ливерпулликлар «Челси» майдонига сафар қилишини ҳам таъкидлаш керак.
 
«Рома» эса, аксинча, айнан сўнгги турлардаги ғалабалари ва «Интер»нинг мағлубияти туфайли, кучли тўртлик учун яхши имконият ҳосил қилиб олди. «Рома» қолган турларда бир марта мағлубиятга учрашга ҳаққи бор энди. Шанба кунги ўйинда «Рома» Кьево» устидан йирик – 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Эдин Жеко икки гол урган бўлса, Шик ва Эл-Шааравилар биттадан голни ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди. Худди шу ҳисоб бугунги ўйинда ҳам «Рома»ни қониқтиради. 

ТАРКИБЛАР
Таркиблардаги йўқотишлар келсак, ўтган ўйинда жароҳат олган «Рома» ярим ҳимоячилари Кевин Стротман ва Диего Пероттилар жавоб ўйинига тикланиб улгурмадилар ва мураббий уларни учрашув заявкасига киритмади. Яъни бу ўйинчиларнинг бугун майдонга тушмасликлари аниқ.