Болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали хабар берган.

Қарорга мувофиқ икки ойлик муддатда 2018-2022 йилларда болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади:

болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган китобларни нашр қилишга ихтисослаштирилган нашриётларни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

болалар ва ўсмирлар дунёқарашини кенгайтириш, уларни эртанги куннинг чинакам қаҳрамонлари сифатида тарбиялашга қаратилган асарлар яратилишини рағбатлантириб бориш;

яратилаётган янги асарларни мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида кенг тарғиб қилиш мақсадида ушбу асарлар муаллифлари иштирокида мунтазам ижодий учрашувлар ташкил этиш;

болалар ва ўсмирлар мавзусида ижод қилаётган адибларга “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан аниқ ижтимоий буюртмалар бериш тизимини такомиллаштириш;

болалар ва ўсмирлар мавзусида ижод қиладиган ёш адиб ва шоирларни тарбиялаш, уларнинг ижод намуналарини чоп этиб бориш.

Халқ таълими вазирлигига:

• умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасалари учун болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китобларни нашр этиш квоталари ўқувчилар (тарбияланувчилар) сони ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда белгилаш;
• квоталар асосида болалар дунёқарашини кенгайтиришга, уларнинг маънавий, интеллектуал оламини бойитишга қаратилган, болалар психологиясига мос адабиётларнинг босқичма-босқич чоп этилишини таъминлаш топширилди.

2018-2019 ўқув йилидан бошлаб болалар ва ўсмирлар ўқиши зарур бўлган адабиётлар рўйхати шакллантирилади.

Матбуот ва ахборот агентлиги, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясига болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган адабиётларни арзон нархларда чоп этиш чораларини кўриш юкланди.

Шунингдек, китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан ҳудудларга китобларни етказиш билан боғлиқ харажатларни ҳисоб-китоб қилишда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китоблар нархининг асоссиз равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик бўйича зарурий чоралар кўрилади.