Ўзбекистон Республикаси президентининг «Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»га қарори қабул қилинди.

Қарорнинг кириш қисмида мамлакатда қисқа муддатда инновацияга йўналтирилган иқтисодиётни шакллантиришга ва инновацияларни кенг жорий этиш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилгани қайд этилиб, илмий тадқиқотлар билан ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмларини йўлга қўйишга, алоқаларни мустаҳкамлашга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланган.

Қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академиясининг:

  • олий таълим муассасаларида илмий ишлар бўйича проректор лавозими ўрнига илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор лавозимини жорий этиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарларини бир вақтда тегишли йўналишдаги олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимларига тайинлаш;
  • олий таълим муассасалари тузилмасида инновацион жамғармалар ва илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича бўлинмалар ташкил этиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан молиялаштириладиган қўшимча 10 та штат бирлигини ажратган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилмасида Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилган.

Белгиланмоқдаки:

  • олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарларини (кейинги ўринларда илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар ҳамда илм-фан бўйича директор ўринбосарлари деб юритилади) лавозимга тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
  • илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар ҳамда илм-фан бўйича директор ўринбосарлари инновация фаолиятига оид масалалар, илмий-инновацион ишланмаларни жорий этиш ва тижоратлаштириш натижалари бўйича бевосита Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ҳисобдордир;
  • Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги йилига
  • камида икки марта Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар ҳамда илм-фан бўйича директор ўринбосарларининг илмий-инновацион фаолиятини баҳолаш юзасидан ахборот киритади;