Ислом оламининг муқаддас ойи ҳисобланган Рамазон ой кузатувларига қараб, ё 15 май, ёки 16 май куни бошланади. "Ал-Жазира" шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Рамазон ойининг биринчи куни янги ой чиқишига қараб белгиланади.
АҚШ ва Европада мусулмонлар ҳамжамияти бу масалада астрономик ҳисоб-китобларга таянади ва шу тариқа улар Рамазонни 15 майда кутиб олишади, рўзанинг биринчи куни эса 16 майга тўғри келади.
Саудия Арабистони ва араб мамлакатларининг аксариятида янги ой 15 майда чиқиши кутилаётган бўлса-да, Марокаш, Эрон ва Покистон бу ҳодисага эртаси куни гувоҳ бўлади.

Ўзбекистонда Рамазон ойи бошланиши ва ҳайит кунини аниқлашда, Ўзбекистон уламолари ислом дини кўрсатмалари ва Астраномия институти маълумотларига таянилади. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон президентининг «Муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинади. Ўтган йили Ўзбекистонда муборак Рамазон ойининг бошланиши 27 май кунига тўғри келган.
Илмий тахминлар
Астрономлар ҳисоб-китобига кўра, янги Рамазон ойи Гринвич бўйича 15 майда соат 11:47 да туғилади, бироқ биринчи тунда уни фақат махсус ускуна орқалигина кўриш мумкин.
2017 йилдан Саудия Арабистони ва бошқа араб мамлакатлари янги ойни суратга олишга қодир махсус инфрақизил рақамли камералардан фойдаланади, анъанавий телескопларда эса оптик диапазоннинг чекланганлиги сабаб янги ой аниқ кўринмаслиги мумкин.
Агар бу йил ҳам шундай кузатув ускунаси қўлланса, Саудия Арабистони Рамазон ойининг биринчи кунини 16 майда қарши олиш эҳтимоли юқори.
Бироқ 16 май арафасида янги ой бутун дунёга қуролланмаган кўз билан кўриниши керак, бу Покистон ва бошқа мамлакатларнинг Рамазонни 17 майда кутиб олишига ишора қилади.
Янги ойнинг кўриниши атмосфера шароитлари, булутлар ва қуёш ҳамда ой ўртасидаги масофа каби омилларга боғлиқ.












