Жорий йилнинг 22 май куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биносида Ўзбекистонда АКТ соҳаси, ИТ таълим ривожининг тенденциялари, давлат ва бизнес ҳамкорлигидаги муаммолар муҳокама қилиниши кутилаётган #MITCROADMAP2018 анжумани бўлиб ўтиши эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 19 февралдаги ПФ-5349-сонли Фармони асосида, 2018-2019 йилларда ахборот технологиялари ва коммуникациялари тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланганди. Шу муносабат билан, #MITCROADMAP2018 анжумани ташкил этилмоқда.
Маълум қилинишича, анжуманда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмадхўжаев «Ўзбекистон ICT cоҳаси: ҳозирги ҳолат ва истиқбол» мавзусида нутқ сўзлаши кутилмоқда. Шунингдек, «Ўзбектелеком» АК Бош директори Фарҳод Рўзиев миллий операторнинг тубдан ислоҳ қилиниши борасида фикр ва режаларини оммага таништиради.

















