Технология | 00:48 / 13.05.2018
7412
2 дақиқада ўқилади

NASA Марсга вертолёт жўнатади

NASA коинот агентлиги Марсга “Марс-2020” миссияси доирасида кичик вертолётни юборишини маълум қилди. Агентлик вертолёт ёрдамида ҳаводан оғирроқ қурилмаларнинг Марс атмосферасида учишга қодирлигини текширмоқчи.  

30 кун давом этадиган синовлар 5 та парвозни ўз ичига олади, улардан ҳар бири аввалгисидан масофа (бир неча юз метргача) ва вақт бўйича узоқроқ (90 сониягача) давом этади. Биринчи парвоз вақтида қурилма 3 метрга вертикал кўтарилиб, 30 сонияга бир жойда учиб туриши керак бўлади.  

Қурилма NASA томонидан синовдан ўтказилди, унинг оғирлиги 1,8 кг ни ташкил қилади. Вертолётнинг турли томонга айланувчи парраклари бир дақиқада 3 минг, яъни оддий вертолётлардан 10 марта кўпроқ оборот қилади.

Келгусида бундай миссияларни ҳудудни разведка қилиш ва йўналишлар тузишда қўллаш мумкин. Бундай вертолётлар роверлар ета олмайдиган жойларга кириб боришда ёрдам беради.

Mars 2020 миссиясига 2020 йил августда старт берилиши режалаштирилган. Қизил сайёрага вертолёт билан бирга у ерда 2011 йилдан бери қолаётган “Кьюриосити”га ўхшаш ровер юбориш мўлжалланган. Марсоход сайёранинг геологиясини тадқиқ қилади, унда ҳаёт изларини қидиради ҳамда табиий захиралар ва одамлар учун хавфларни баҳолайди.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид