Россия ҳарбийлари 11 ноябр, чоршанбага ўтар кечаси Ленинград вилоятидаги Уст-Луга портига учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумини қайтариш пайтида учта вертолётидан айрилган бўлиши мумкин.

Бу ҳақда Россиянинг уруш тарафдори бўлган бир нечта Telegram-каналлари хабар берди. Улар ҳозирча воқеа қандай шароитда содир бўлгани ҳақида батафсил маълумотга эга эмас.

Россиянинг Z-каналларидан бири — «Военный осведомитель» дастлабки маълумотларга таяниб, Ка-52 «Аллигатор» разведка-зарба вертолёти экипажи билан бирга, шунингдек, кўп мақсадли Ми-8 вертолёти йўқотилганини ёзди.

Кейинроқ хабар муаллифи гап учта ҳаво кемаси ҳақида кетаётган бўлиши мумкинлигига аниқлик киритди.

«Сабаблар ҳақида маълумот йўқ. Ё вертолётлар тўқнашиб кетган, ёки ўз кучлари томонидан ўққа тутилган. Агар иккинчи ҳолат бўлса, авиация ва ҳаво мудофааси ўртасидаги ҳамкорлик ҳануз жуда паст даражада қолаётганини англатади», — дейилади канал хабарида.

Учувчилар ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар

«Воевода вещает» номли Z-канал ҳам учта вертолёт йўқотилгани ҳақида хабар берди.

Канал муаллифининг таъкидлашича, ҳодиса оқибатида учта тажрибали экипаж, жами етти нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Бироқ муаллиф айнан қайси русумдаги вертолётлар ҳалокатга учрагани ва бунга нима сабаб бўлганини аниқлаштирмаган.

Уруш тарафдори бўлган яна бир Telegram-канал — «Я и мой друг вертолёт» ҳалок бўлган учувчилар хотирасига бағишланган шеърларни ҳамда Ми-8 ва Ка-52 вертолётларининг оқ-қора суратини эълон қилди.

Октябр ойи бошида ҳам Россия ҳаво мудофааси кучлари ўзларига тегишли Ми-8 вертолётини уриб туширгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ўшанда бу ҳақда Fighterbomber ва Helicopterpilot номли Z-каналлар ёзган.

«Известия» нашри манбаси ҳам Воронеж вилоятида ушбу вертолёт экипажининг уч нафар аъзоси ҳалок бўлганини хабар қилган эди.

Ҳарбий блогерлар йўқотишлар ҳақида хабар бермоқда

Fighterbomber Telegram-канали ҳам аввалроқ 11 ноябрга ўтар кечаси Ленинград вилоятига уюштирилган ҳужумни қайтариш пайтида ҳарбий учувчилар ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди.