Ўзбекистон Республикаси Президентининг афв этишни амалга ошириш бўйича конституциявий ваколатини рўёбга чиқариш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида,​ Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом​ тасдиқланди.

Низомга кўра, афв этиш маҳкумни жазодан тўлиқ ёки қисман озод этадиган ёки суд томонидан тайинланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштирадиган ёхуд судланганликни олиб ташлайдиган инсонпарварлик акти ҳисобланади. ​Афв этиш муайян маҳкумга нисбатан индивидуал тартибда амалга оширилади ҳамда уни оқлайдиган ва у томонидан жиноят содир этганлик фактини бартараф қиладиган ҳолат ҳисобланмайди. Афв этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонини қабул қилиш орқали амалга оширилади.

Ҳужжатда маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ихтиёрига кўра исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиши мумкин. Афв этиш Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Афв этиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

  • асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилиш;
  • жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш;
  • умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш;
  • судланганликни олиб ташлаш.

Афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган Комиссия томонидан амалга оширилади.​ Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда «Нуроний» жамғармаси вакиллари киритилади.​ Унинг таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, шунингдек, бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳам киритилиши мумкин.​

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома маҳкум ёки жазони ўтаб бўлган шахс, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан афв этиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳуқуқи берилган шахс (орган)лар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма шаклда берилади. Агар илтимоснома қонун ҳужжатлари билан афв этиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳуқуқи берилган шахс (орган) томонидан берилган бўлса, маҳкумнинг ёзма розилиги олиниши шарт.