Давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш учун масъул бўлган раҳбарлари ва бўлинмалари ходимларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом эълон қилинди. 
 
Кўрсатилган ходимлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ва унинг ҳудудий бошқармаларида 3 йилда 1 марта аттестациядан ўтади. Эслатиб ўтамиз, аттестация президентнинг 18.02.2018 йилдаги ПФ-5349-сон Фармони билан жорий этилган. 
 
Norma’нинг ёзишича, қуйидагилар аттестациядан ўтказилмайди:

• АКТлари соҳасида 2 йилдан кам бўлган иш стажига эга бўлган шахслар;
• ҳомиладор аёллар, болани 2 ва 3 ёшгача парвариш қилиш бўйича таътилда бўлган аёллар, улар ишга чиққандан кейинги биринчи йил давомида;
• узоқ даволанишни ўтаётган ходимлар;
• республика ва чет эл давлатларига ўқув муассасаларида ўқишга, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юборилган ходимлар;
• муайян ишларни бажариш учун муддатли меҳнат шартномаси шартларида ишлайдиган шахслар;
• 18 ёшга етмаган шахслар;
• ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартлар асосида рақобатлаша олмайдиган шахслар учун энг кам миқдордаги иш ўринларига захирага олиб ишга жойлаштирилган шахслар, бу иш жойларига қабул қилинган кундан бошлаб 3 йил давомида.
 
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида камида 5 нафар аъзодан иборат Аттестация комиссияси тузилади. "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази (ишчи орган) аттестация ўтказиш жадвалини ва танишиш учун аттестациядан ўтказилувчиларга юбориладиган саволлар рўйхатини тасдиқлайди. Аттестация ўтказиш тўғрисидаги маълумот ва унинг режаси аттестация ўтказиш санасидан камида 1 ой олдин аттестациядан ўтказилувчи ходимга имзо чектириб етказилади.
 
Аттестациядан ўтиш учун аттестация йиғилишида ҳозир бўлиш, берилган саволларга жавоб бериш ва комиссия аъзоларининг илтимосига кўра ўз функционал мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ тушунтиришларни бериши лозим бўлади.
 
Аттестация суҳбат шаклида ўтказилади. Электрон мосламалардан, маълумотнома, махсус ёки бошқа адабиётдан, шунингдек ҳар қандай ёзувлардан фойдаланиш ман этилади.