Бугун, 13 май куни Англия премьер-лигасида мавсумнинг охирги тур учрашувлари ўтказилди ва мавсум расман ёпилди. Тур ўйинлари натижаларига кўра, кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этадиган 4 жамоа, Европа Лигасида иштирок этадиган 2 жамоа ва лигани тарк этган 3 жамоа номи узил-кесил аниқ бўлди: Чемпионлар Лигаси: «Ман Сити», «МЮ», «Тоттенҳэм», «Ливерпуль»; Европа Лигаси: «Челси», «Арсенал», «Бёрнли»; Чемпионшип: «Суонси», «Сток Сити», «Вест Бромвич».
Ўйиндаги ягона голга габонлик футболчи Пьер-Эмерик Обамейянг муаллифлик қилди, у 38-дақиқада Аарон Рэмсининг пасидан кейин тўпни дарвоза тўрига жойлади. Бу гол унинг Лондон жамоаси сафида урган 10-голи бўлди, бунинг учун у 13та ўйин ўтказиши кифоя қилди. Қайд этиш керакки, бу Арсен Венгер «Арсенал» бош мураббийи сифатида ўтказган охирги ўйин бўлди. Яна бир эътиборли жиҳати, «Арсенал» жорий йил бошидан буён илк марта АПЛда сафар ўйинларида ғалабага эришди ва нохуш анъанасига чек қўйди, бунгача 7та сафар ўйинида битта ҳам ғалаба қайд этилмаганди.
«Ньюкасл Юнайтед» ўз майдонида «Челси»ни қабул қилди. «Сент-Жеймс Парк» стадионида кечган учрашув майдон эгаларининг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ғолиблар сафида Айосе Перес дублни расмийлаштирди, яна бир гол Дуайт Гейл номига ёзилди.
Параллел кечган учрашувда «Ливерпуль» «Брайтон»ни тор-мор келтиргани туфайли мавсум якунларига кўра бешинчи ўринни эгаллаган «Челси» кейинги мавсумда Европа Лигасида иштирок этадиган бўлди.
Шу тариқа, «Челси» 3 йил ичида иккинчи марта Чемпионлар лигасига йўлланма ололмаяпти. 2015/16 йилги мавсумда жамоа 10-ўринни эгаллаган, кейинги мавсумда эса АПЛ чемпиони бўлганди. Жорий мавсумда «Челси» ЕЧЛнинг 1/8 финалига чиқди ва «Барселона» томонидан тўхтатилди.
«Манчестер Сити» Англия премьер-лигасининг охирги турида «Саутҳемптон»га қарши ўйнаб, қўшимча дақиқаларнинг охиргисида гол уриб, 1:0 ҳисобидаги ғалабага эришди. Бу ғалабадан кейин жамоа мавсумда йиғилган очколари сонини 100 очкога етказди. Бу эса премьер-лиганинг янги рекордидир.
Шунингдек, «Сити» бир мавсумдаги ғалабалар сони бўйича (32) ҳамда урилган голлар сони бўйича (106) ҳам рекорд ўрнатди. Хосеп Гвардиола шогирдлари мавсум давомида 16 сафар учрашувида ғалаба қозонди, бу ҳам рекорд натижа ҳисобланади.
Турнир жадвалида иккинчи ўринни «Сити»дан 19 очко ортда қолган «Манчестер Юнайтед» эгаллади - рекорд. Бу борада аввалги рекордчи жамоа «Манчестер Юнайтед» бўлганди (18 очколик фарқ), ўшанда 1999/2000 йилги мавсумда манчестерликлар 91 очко билан биринчи ўринни эгаллаган, энг яқин таъқибчи «Арсенал»да 73 очко бор эди.
Охирги тур натижаси аҳамиятсиз бўлган «Манчестер Юнайтед» «Уотфорд»ни қабул қилди ва кичик ҳисобдаги ғалабага эришди.
Ўйиндаги ягона гол Матанинг пасидан унумли фойдаланган Маркус Рэшфорд томонидан урилди. Бу ўйин «қизил иблислар» жамоасининг кўп йиллик футболчиси, 2008 йилги Чемпионлар лигасида ғолиб бўлган таркибнинг охирги вакили Майкл Кэррик учун охирги ўйин бўлди.
Жозе Моуриньо шогирдлари мавсум якунига кўра турнир жадвалини иккинчи ўринда якунлади ва кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этадиган бўлди, «Уотфорд» 14-ўринда қолди.
«Кристал Пэлас» ўтган турдаёқ лигани тарк этиб бўлган «Вест Бромвич»ни мағлубиятга учратиб (2:0) турнир жадвалида охирги ўринга тушириб юборди. Ўйиндаги голлар иккинчи бўлим охирида Вилфрид Заа ва ван Анҳолт томонидан урилди. «Вест Бромвич» мавсумнинг охирги қисмини кўтаринки руҳда ўтказган, 6 учрашувда 4 ғалаба қайд этилган ва жамоа лигада қолиш учун имконият ҳосил қилган, жамоа бош мураббийи апрель ойининг энг яхши мураббийига айланганди. Аммо ўтган ҳафтада «Саутҳемптон» «Суонси»ни мағлубиятга учратиб, 17-ўринни мустаҳкамлади ва «Вест Бромвич»дан етарли даражада узоқлашиб кетиб, бу жамоани муддатидан аввал чемпионшипга равона қилганди.
«Бёрнли» учун бу ўйин натижаси аҳамиятсиз эди, жамоа ҳар қандай натижа қайд этилса ҳам 7-ўриндан юқорига кўтарила олмас ва қуйига шўнғимасди. Шунга қарамасдан, Шон Дайч шогирдлари ўйинга жиддий ёндашишганди ва мезбонлар биринчи бўлиб ҳисобни очишди, жамоа тўпурари Вуд танаффусга жамоасини ғолиб ҳолда олиб чиқди, аммо иккинчи бўлимнинг иккинчи қисмида Кинг ва Уилсон биттадан гол уриб, Эдди Ҳау жамоаси сафардан 3 очко билан қайтишини таъминлади - 1:2.
Бу учрашув олдидан икки жамоа ҳам «хавфли зона»дан йироқ эди ва интрига фақат қайси жамоа мавсумни нечанчи ўринда якунлашида эди. Тур олдидан «Вест Ҳэм» 39 очко билан 15-ўринда, «Эвертон» 49 очко билан 8-ўринда эди. Учрашув мезбонларнинг тўлиқ устунлигида кечди ва 3:1 ҳисобидаги ғалаба қайд этилди. Тур учрашувлари якунлангач, «Вест Ҳэм» турнир жадвалида «Брайтон» ва «Уотфорд»ни қувиб ўтиб, 13-ўринга жойлашди ва клуб ғазнаси қўшимча бонуслар билан бойиди (ҳар бир юқори ўрин учун 2 миллион фунтлик бонус), «Эвертон» ўрнидан қимирламади.