Маълумки, Рамазон ойида ҳилолни (янги чиққан ойни) кўриш билан рўза тутиш бошланади ва шавволнинг ҳилолини кўриш билан тугатилади. Рамазон арафасида, шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни мусулмонлар янги ойни кўришга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун ўша куни қуёш ботган пайтда осмонга қараб турилади. Агар ой янгиланган бўлса, бир кўриниб ўтади ва эртанги кун Рамазоннинг биринчи куни бўлади. Агар янги ой кўринмаса, шаъбонни ўттиз кунлик қилиб, индинига рўза тутиш бошланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳилолни кўрмагунча рўза тутманглар. То уни кўрмагунча оғиз очманглар. Агар у сизлардан булут билан тўсилиб қолса, ҳисобини қилинглар», дедилар.

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида: «Рамазондан олдин рўза тутманглар. У(ой)ни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар. Агар уни булут тўсиб қолса, ўттиз кунни мукаммал қилинглар», дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса: «Агар сизлардан булутлар билан тўсилиб қолса, ўттиз кун рўза тутинглар», дейилган.

Ушбу ривоятларда Рамазон ойининг бошланиши ва тугаши Рамазон ва шаввол ойи ҳилолларини кўриш билан собит бўлиши таъкидланмоқда. Шунингдек, мабодо табиий шароитлар ноқулай келиб, янги ойни кўриш имкони бўлмай қолса, Рамазондан олдинги шаъбон ойини ўттиз кунлик мукаммал қилиб, кейинги кундан Рамазони шарифнинг биринчи куни бошланади. Худди шу каби Рамазон ойининг йигирма тўққизинчи куни шаввол ойининг ҳилолини кўришга ҳаракат қилинади. Агар ҳилол кўринса, рўза тугагани ва эртасига ийд экани эълон қилинади. Мабодо ҳилол кўринмаса, рўзани ўттизинчи куни ҳам тутиб, кейин ийд қилинади.

Айни шу хилда амал қилиш борлиқни яратган Аллоҳ таолонинг иродасига мувофиқ равишда ойни белгилашдир. Ой теварак-атрофимиздаги энг катта аломатлардан бири ҳисобланади. Шундай катта аломатни кўриб рўза тутишни бошлаш ва тамомлаш бу муҳим ишда ҳамма нарсанинг очиқ-ойдин бўлишини, ҳеч ким ва ҳеч нарса унга ўзгариш кирита олмаслигини таъминлайди. Барча бандалар баробар бўлиб, Аллоҳнинг амри бўлган рўзани У Зот белги қилиб яратган ойга қараб бошлайди ва тамомлайди.