Айрим рус оммавий ахборот воситалари 16 май куни, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга расмий ташрифини амалга ошираётган паллада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири муовини Абдужаббор Абдувоҳидовники дейилган мактуб нусхасини тарқатди. Унда идора гўёки Афғонистондаги вазият устидан назорат йўқотилганида АҚШ томонини айблаган, бу қўшни мамлакатлардаги террорчилик фаоллигининг ортишига олиб келиши айтилганди.
«Осиёда жанг яқинлашмоқда: Ўзбекистонда ИШИДнинг 5000 жангариси» сарлавҳали материалда «ушбу хат маълумот сизиб чиқиши» туфайли қўлга киритилгани билдирилган. Қизиғи шундаки, «хатнинг сизиб чиқиши» Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи чоғида содир бўлди.
Хатнинг ишончлилиги жиддий шубҳа туғдирарди. Kun.uz’нинг Вазирлар Маҳкамаси ва Ташқи ишлар вазирлигидаги манбалари ҳам хат сохта эканлигини тасдиқлади.
«Сизга маълумки, халқаро террорчилик гуруҳлари жангариларининг Сурия ва Ироқдан сиқиб чиқарилиши Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон учун ёқимсиз элементлар оқимини келтириб чиқарди», - дейилади 3 май санаси қўйилган, АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Памела Спратлен номига ёзилган мактубда.
Абдувоҳидов номидан ёзилишича, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон махсус хизматларининг «фаол қаршилиги» террорчиларни «Ўзбекистонни ўз йўналишининг сўнгги нуқтаси деб ҳисоблашга мажбур қиляпти».
Мактубда Ўзбекистон халқаро терроризмнинг тарқатувчиси сифатида кўрсатилган. Мактубда Сурхондарё вилоятида террорчилик ташкилотларининг беш мингга яқин жангарилари борлигини ҳисоблаб чиққан Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг «маълумоти»га ҳавола келтирилган.
«Бундай вазият муқаррар равишда минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга олиб келади ва мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни анча қийинлаштиради», - дейилади мактубда.
Абдувоҳидовнинг «мактубига» асосланган ҳолда, рус матбуоти қуйидаги хулосаларни келтиради:
1. Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга олиб келади.
2. Ўзбекистон кучишлатар тузилмалари ўзларига яқин бўлган ердаги террорчилик фаоллигига кўз юмишга мажбур.
3. Ва энг муҳими, минтақа исломнинг радикал қарашлари ва уруш олиб бориш учун кенг имкониятларга эга бўлган яна бир халифаликни яратишга тайёрланилмоқда.


















