Пешонасига икки қўйилган болалар. Прокуратура баёнот берди
Тошкент вилояти Бекобод шаҳар прокуратураси Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган нохуш воқеа юзасидан тергов олди текширув ишларини ўтказди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, 2018 йил 3 май куни Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси М.Ҳамдамова шу даргоҳда таҳсил олаётган 1-“ж” синфининг тўрт нафар ўқувчисини уй вазифасини тайёрлаб келмаганликда айблаб, жазо сифатида синфдаги барча ўқувчиларнинг кўз ўнгида “икки” баҳони ручкада уларнинг пешонасига ёзиб қўйган.
Ушбу воқеадан хабар топган мазкур мактабнинг яна бир ўқитувчиси С.Рахмонова касбдоши М.Ҳамдамовага нисбатан бўлган эски адовати сабабли эртаси куни ўша ўқувчиларни ўз ҳузурига чақириб, ғаразли ниятда уларнинг пешоналарига “икки” рақамини қайтадан ёзиб, шу кўринишларида уларни уяли телефон ёрдамида суратга олган. Олинган суратни эса интернетдаги тармоқларга касбдоши М.Ҳамдамова номидан жойлаштирган.
Интернет саҳифаларида шов-шувга сабаб бўлган бу сурат кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди.
Текширув натижасида ўқувчиларини хўрлаб, ҳуқуқини поймол қилган икки нафар ўқитувчи С.Рахмонова ва М.Ҳамдамовалар таълим ходими, деган номга нолойиқ деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигидаги тегишли моддаларга мувофиқ ишдан бўшатилдилар.
Таълим ходимларининг шундай қабиҳ ишларни қилишларига замин яратиб берган мактаб директори Д.Бабамуратова ҳамда беш нафар директор ўринбосарлари ҳам ўз лавозимларидан озод этилганлар.
Таълим-тарбия ишларидаги йўл қўйилган камчиликлари учун Бекобод шаҳар халқ таълими мудири М.Қўзибоевга эса интизомий жазо чораси сифатида “ҳайфсан” эълон қилинган.
Ўтказилган текширув ишлари натижасида шунингдек, мактаб учун давлат томонидан ажратилган 21 млн сўм миқдоридаги пул маблағи мазкур таълим масканининг раҳбарлари томонидан талон-торож қилинганлиги ҳам аниқланган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан Бекобод шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноят иши қўзғатган, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
12:43 / 06.09.2024
Бекободда иш вақтида вафот этган “электросет” ходими учун 340 млн сўм ундириб берилди
18:36 / 13.08.2024
Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган аёлнинг эри 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди
18:01 / 26.06.2024
Бекободда ИИБ биносидаги ўлим ҳолати бўйича бир ходим қамоққа олинди
19:14 / 21.06.2024