Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Республика  атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда ҳудудларнинг санитария-экологик ҳолатини яхшилаш соҳасидаги тадбирларни қамраб олган ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳақида "Ахборот 24" дастурида хабар берилди. 

Ўзбекистонда бир кунда ҳосил бўладиган маиший чиқиндилар миқдори 12-13,5 минг тоннани ташкил қилади. Бир йилда эса бу нақ 5 миллион тоннага етади. Мана шу чиқиндиларнинг қарийб ярми, яъни 45 фоизи Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда. 

Тўғри, сўнгги бир йилдан ортиқ давр ичида маиший чиқиндилар билан боғлиқ тизим инфратузилмани такомиллаштириш, қуввати йилига миллион тоннадан ортиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш имкониятига эга бўлган комплекс кластерларни ташкил этиш бўйича қатор ишлар қилинди. Республика вилоят марказларида 13 та, туманларда эса 174та тоза ҳудуд корхоналари ташкил этилди. 2017 йилда 128та махсус техника харид қилинган бўлса, 2018 йил охиригача бу рақам 283 тага етказилиши кўзда тутилмоқда. Натижада санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари фаолият қамрови ўн баравардан ортди, лекин барибир муаммо бор. 

Қарор билан эндиликда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматларини кўрсатиш фаолиятига мазкур соҳага инвестиция киритиш ниятидаги тадбиркорларни давлат-хусусий сектор шериклиги асосида жалб этиш кўзда тутилмоқда. Бунда ҳам бир нозик жиҳат бор: чиқиндиларни турларига қараб, яъни шишани шишага, пластикни пластикка ажратиб, қайта ишлаш яхшигина даромад келтиради. Тадбиркорлар билан шартнома тузганда истаган ҳудудни танлаш тамойили бўлмайди. Бу 1 августдан бошлаб электрон танлов асосида амалга ошади. 

Қарор билан 2019 йилнинг 1 январидан эътиборан яна бир тартиб жорий этилади: бу кундалик фойдаланиладиган полимер пакетлар билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ўта юпқа целофан пакетлар гарчи қайта ишлаш мақсадида йиғилса ҳам, уларни ёлчитиб қайта ишлаш имкони йўқ экан. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, целлофан пакетларини 40 микронгача ишлаб чиқариш ва импорт қилиш тақиқланди. Бундан ташқари, целлофан пакетларни бепул бериш, ўз қийматидан арзон нархда сотиш ҳам ман қилинмоқда. 

Бу йўналишдаги ишлар фақат тақиқ билан тугамайди. Давлат экология қўмитасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга хориж тажрибаси ва жамоатчилик муҳокамасини ҳисобга олиб, 2020 йилнинг 1 январига қадар фойдаланиш хусусиятини йўқотганидан сўнг атроф-муҳитга зарар етказадиган, ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган товарлар гуруҳига экологик йиғимни жорий қилиш юзасидан асосланган таклифлар киритиш вазифаси топширилган.