10:58 / 22.05.2018
9270

«Яндекс.Такси» ва Uber’нинг ягона платформаси Ўзбекистонда ҳам ишлайди

Фото: Shutterstock

«Яндекс.Такси» ва Uber июнь ойи бошида ягона платформани ишга туширади. Бу автомобилларни мижозларга етказиб беришни тезлаштиради, дея айтиб ўтди ягона компания раҳбари Тигран Худавердян РБК’га берган интервьюсида.

«Режага кўра, июнь ойининг биринчи ўн кунлигида, хизматлар амалда бўлган барча шаҳарлар ва мамлакатларда улар янги платформага ўтказилади», - дея хабар берди Тигран Худавердян.

«Яндекс.Такси» ва Uber 2017 йил июль ойида қўшма корхона ташкил этилиши ҳақида эълон қилди. Келишув 2018 йилнинг февралида ёпилди. Бирлашган компания Россия, Беларусь, Арманистон, Грузия, Молдова, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Латвия, Эстония, Озарбойжондаги 450дан ортиқ шаҳарларда ишлайди. 

«Яндекс» қўшма корхонанинг 59,3 фоиз акцияларини, Uber - 36,9 фоизни, янги тузилма ходимлари - 3,8 фоизни олди. Uber янги компанияга 225 млн доллар, «Яндекс» - 100 млн доллар миқдорида инвестиция киритди. «Яндекс.Такси»нинг собиқ раҳбари Тигран Худавердян ушбу тузилма бош директорига айланди. 

Top