Жаҳон | 01:49 / 22.05.2018
8008
3 дақиқада ўқилади

Венесуэлада президент қайта сайланди — мамлакатнинг иқтисодий аҳволи қандай?

Боливар инқилоби давом этади — кузатувчилар Венесуэлада бўлиб ўтган президентлик сайловларида 6 миллионга яқин аҳоли командантенинг вориси — Николас Мадурони ёқлаб ўз овозларини берганини деярли шундай баҳолашмоқда. Собиқ автобус ҳайдовчиси ва касаба уюшмаси етакчисига 68 фоиз халқ овоз берган, гарчи мухолифат давомат жуда кам — 46 фоиз атрофида бўлганини таъкидлаётган эса-да, расмий маълумотларга кўра сайловда сайловчиларнинг 80 фоиздан юқориси иштирок этган.

Фото:  EPA-EFE / Miguel Gutierrez

Мухолифат етакчиси Энри Фалькон сайлов натижаларини тан олишдан бош тортган.

Фото: Andrew Cawthorne

2017 йил мобайнида Венесуэлада 10 мингга яқин норозилик акциялари бўлиб ўтган. Йил давомида норозилик намойишларида 163 киши ҳалок бўлган.

2015 йилдан 2017 йилгача жаҳон бўйлаб Венесуэладан мигрантлар сони икки баробарга ошган. 2015 йилда уларнинг сони 700 минг киши бўлган бўлса, 2017 йилда хорижга иш излаб чиққанлар сони 1,6 миллионга етган. Венесуэла аҳолиси 31 миллион киши.

2018 йилнинг апрелида Венесуэла безгакка чалиниш бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олди. 2013 йилдан буён мамлакатда болалар ва оналар ўлими ортиб бормоқда. 2013 йилда мамлакатда 1 ёшгача бўлган чақалоқлардан 7,3 минги нобуд бўлган бўлса, 2016 йилга келиб бу рақам 11,4 мингтага етди.

Кейинги уч-тўрт йилда ҳафталик гўшт ва парранда истеъмоли аксарият венесуэлаликлар учун ҳашамат даражасига кўтарилган. 2014 йилда оилаларнинг қарийб 80 фоизи ҳафтада бир марта парранда гўшти, 74,8 фоизи гўшт харид қилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 34 ва 39,9 фоизга тушиб кетди. Сут маҳсулотлари янада камёбга айланган: 2014 йилда уни 47,2 фоиз оила харид қила олган, 2017 йилда эса — 19,2 фоиз. Қаҳвани 2014 йилда 32,4 фоиз оила сотиб ололган, 2017 йилда — 13,7 фоиз.

Мамлакат миллий валютаси — боливар ҳам шиддат билан қадрсизланишда давом этмоқда. Бугун 1 АҚШ доллари 72 577,6 боливарга тенг бўлиб турибди. Ҳолбуки 3 йилгина муқаддам 1 доллар 8 боливарга тенг бўлган. 

Фото: news.com.au

Халқидан узоқлашган Мадуро сайловдаги ғалабани бўм-бўш майдонда нишонлаётгани хусусидаги видео тарқалди. Уни олқишлаётган халқ кейинчалик монтаж қилиниши учун майдонга хромакейлар ўрнатилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид