“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан соҳа мутахассислари ва етакчи дизайнерларни жалб қилган ҳолда кўп вариантлилик асосида мактаб ўқувчилари формаларининг турли моделлари намуналари тайёрланди. 23 май куни ўтказилган Халқаро Пресс клубнинг навбатдаги сессияси мана шу мавзуга бағишланади.
Мактаб формаларининг турли моделларини қишлоқ ва шаҳар шароитида ўқувчиларга қулайлиги ва чидамлилигини, шунингдек ота-оналар, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг фикрларини ўрганиш мақсадида уларни Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 91-сонли ва Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 4-сонли умумтаълим мактабларида тажриба-синовдан ўтказиш белгиланди.
Тажриба-синовдан ўтказиладиган мактаб формаларини харид қилиш ва ўқувчиларга бепул тарқатиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 январдаги мажлис баёни асосида ушбу мактабларга “Маҳалла” хайрия жамоат фондидан 378 млн. сўм (91-мактабга 240 млн. сўм ва 4-мактабга 138 млн. сўм) маблағ ажратилган.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан тавсия этилган ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мактаб формалари тажриба-синов учун етказиб берилган бўлиб, тажриба-синов жараёнини сифатли ташкил этиш мақсадида ота-оналар учун сўровнома шакли ишлаб чиқилиб, формалар билан биргаликда барча ота-оналарга тарқатилди.
Жорий йил март-май ойларида 10 хилдаги намунавий мактаб формалари тажриба-синовдан ўтказилди.
Ота-оналар, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг фикрлари таҳлил қилиниб, уларнинг фикрлари асосида танлаб олинадиган дизайндаги мактаб формаларини 2018-2019 ўқув йилидан барча умумтаълим мактабларига жорий қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинади.
Маълум қилинишича, мазкур қарор лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан мактаб формаларини тайёрлаш учун ҳудудлардаги тегишли қувватга эга ишлаб чиқарувчиларни белгилаш ва тасдиқланган намунавий шакллардаги мактаб формаларини нархларнинг ижтимоий ҳаммабоплигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ишлаб чиқарилишини ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда 2018 йил июль ойидан бошлаб мактаб формалари савдосини ташкил қилиш бўйича республиканинг барча туман (шаҳар) марказларида аҳолига қулай жойларда мактаб формаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ихтисослаштирилган савдо шохобчаларини ташкил қилиши;
Ўзбекистон Республикаси стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқарилаётган мактаб формаларининг белгиланган стандартларга, санитария қоидалари нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги устидан қатъий назорат ўрнатиши;

















