Янгийўл шаҳри чеккасида жойлашган “Turon G’isht Kapital” МЧЖ 2013 йил ноябрь ойида ташкил этилган. Шундан буён у республика иқтисодиёти ривожига имкон қадар ҳисса қўшиб, қурилиш объектларига шартнома асосида пишиқ ғишт етказиб бериш билан шуғулланиб келар эди. Бироқ Янгийўл шаҳри ташкил этилиши муносабати билан шаҳар ҳудудидан пишиқ ғишт заводларини кўчириш бўйича давлат раҳбари томонидан берилган топшириқларнинг ижросини таъминлашдаги амалиётлар ҳокимлик ва тадбиркор ўртасида тушунмовчиликка сабаб бўлмоқда.

Биз масаланинг моҳиятини англаш мақсадида Янгийўл шаҳрига бориб, даставвал МЧЖ раҳбарияти билан учрашдик.

“Бугунги кунда иш фаолиятимиз аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига пишиқ ғишт етказиб беришдан иборат. Биз “Қишлоққурилишинвест”, “Шаҳаринвест”лар билан узлуксиз мулоқотда бўлиб, шартномалар тузиб, 4-5 йилдан буён ҳамкорликда фаолият кўрсатиб келамиз. Ушбу ташкилотларнинг қурилиш объектларига имтиёзли нархларда пишиқ ғишт етказиб бераётгандик”, - дейди МЧЖ раҳбари Дилшод Ашрапов.

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил январь ойидаги Тошкент вилоятига ташрифи чоғида ўтказилган Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Янгийўл шаҳрида жойлашган жами 5 та ғишт заводи шаҳар ҳудудидан чиқарилиши таъкидланган. Шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ваколатли ташкилотлар юқоридаги сабабни важ қилиб, бирор бир расмий ҳужжатсиз жорий йилнинг февраль ойидан ғишт заводини газ тармоғидан узиб қўйишган. 

“Шу муносабат билан биз табиий газ тармоғидан узиб қўйилдик. Аслида, куз-қиш мавсумида ҳам табиий газдан фойдаланиш ва пишиқ ғишт ишлаб чиқариш учун рухсат олган эдик. 2017 йил ноябрь-2018 йил январь ойларида ишладик. Биз кам таъминланган оилаларга кўп қаватли арзон уйлар, ҳарбийлар учун уйлар, мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун ғишт етказиб бераётган эдик. Газ тармоғидан узилганидан сўнг, иш фаолиятимиз тўхтаб, 100га яқин ишчи-ходимларни ишдан бўшатишга мажбур бўляпмиз”, - дея вужудга келган вазиятга ойдинлик киритди МЧЖ раҳбари. 

Қолаверса, МЧЖ турли ташкилотлар билан 10га яқин шартнома ва битимлар имзолаган. Уларга бир неча миллиард сўмлик пишиқ ғишт етказиб бериш керак. Кредит бўйича тўловларнинг ҳам вақти-соати яқинлашмоқда.