“Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ички ишлар вазирлиги буйруғи муҳокама учун эълон қилинди.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, маъмурий қамоққа олинган шахсларга иккала томонга бориб-келиш вақти (икки суткагача) ҳисобга олинмаган ҳолда бир суткадан кўп бўлмаган муддатга махсус қабулхона ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси доирасида четга чиқишга рухсат берилиши мумкин.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш вақти маъмурий қамоқни ўташ муддатига қўшиб ҳисобланади.
Махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш харажатлари маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ёки бошқа шахслар томонидан тўланади.
Маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхонада сақланаётган вақтида яқин қариндошининг вафоти ёки унинг ҳаётига таҳдид солувчи оғир касаллик, маъмурий қамоққа олинган шахсга ёки унинг оиласига анча миқдорда моддий зарар етказган ҳодисалар содир этилганлиги юзасидан хабар олганида махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисида ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризаси ариза келиб тушган пайтдан эътиборан кейинги кундан кечиктирмай махсус қабулхона маъмурияти томонидан кўриб чиқилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахснинг четга чиқиши тўғрисидаги қарор унинг шахси, хулқ-атвори ҳамда аризада кўрсатилган важларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги инобатга олинган ҳолда қабул қилинади.
Аризани кўриб чиқиш вақтида махсус қабулхона маъмурияти томонидан маъмурий қамоққа олинган шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) ички ишлар органига аризадаги важларнинг асослилигини текшириб бериш бўйича сўров хати (факс, электрон почта ва ҳ.к.) юборилади.
Туман (шаҳар) ички ишлар органлари томонидан махсус қабулхонанинг сўров хати келиб тушган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмай сўров хатида кўрсатилган важларнинг асослилигини ёки асоссизлигини тасдиқловчи маълумотларни (тиббиёт бирлашмаси, фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш бўлими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномаларини) илова қилган ҳолда жавоб хати юборилади.















