Олий суд 2024 йил давомида биринчи инстанция судлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларининг кўрилиши статистикасини очиқлади.
Маълум бўлишича, республика бўйлаб маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишлар сони ошиб бормоқда.

Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир 341 мингдан ортиқ иш 426 минг киши иштирокида кўрилган бўлса, 2024 йилга келиб судларда кўрилган бу тоифадаги ишлар сони 613 мингдан ошган – қарийб икки баробар. Бу судларда 740 994 киши ишга жалб қилинган.

Ҳудудлар миқёсида энг кўп маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари пойтахт Тошкент шаҳрида кўрилган – 95 мингта ишда 113 мингдан ортиқ шахс қатнашган. Кейинги ўринларда мос равишда Тошкент ва Фарғона вилоятлари – 71 минг ва 62 минг иш. Бу 3 та ҳудуд 2024 йилда кўрилган жиноят ишлари сони бўйича ҳам топ-учликни ташкил этади.
Боз устига, бу ҳудудларда жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари сони сўнгги 5 йилда ҳам энг ёмон натижаларни кўрсатиб келмоқда. Ҳозирча бунга ушбу ҳудудларда аҳоли сонининг кўпроқ эканидан бошқа изоҳ йўқ.
Энг кам маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари эса Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларида кўриб чиқилган.

2021-2024 йилларда кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари таҳлилига кўра, шахслар кесимида эркаклар қаторида аёллар сони ҳам ортиб, 100 минглик чегарани кесиб ўтган. Масалан, 2021 йилда 431 минг эркак ва 96 минг нафар аёл маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилган. 2024 йилда эса эркаклар 605 мингдан, аёллар сони 135 минг нафардан ошган.

Олий суд, шунингдек, юқоридаги рақамлар ичида 18-30 ёшгача бўлган шахслар кесимини ҳам алоҳида келтирган. Унга кўра, 2021 йилда 184 минг ёшлар маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 264 минггача ошган.


















