Статистика маълумотлари шундан далолат берадики, республика ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради. Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар қурбон бўлишига олиб келмоқда. Бу ҳақда 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясида айтилади.

Қайд этилишича, 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини ҳаётга татбиқ этиш орқали йўл ҳаракатини ташкил қилиш ва таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш вазифасига мутлақо янгича ёндашувларни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу Концепция қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олган:

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, шу жумладан Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол бузганлик учун жавобгарлик чораларини янада кучайтириш;

йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш, йўллар сифатини яхшилаш, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шароитлар яратиш;

йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий маданияти, зарур билимлари ва малакасини ошириш, интизомини мустаҳкамлаш.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш

Жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини видеорегистраторлар билан жиҳозлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида уларни қўллаш бўйича норматив тартибни белгилаш тадбирларини ташкил қилиш.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати ходимларининг хизмат фаолияти натижаларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.

Йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш.

Белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш, шунингдек, носоз транспорт воситасидан фойдаланиш оқибатида содир этиладиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги чора-тадбирларни такомиллаштириш.

Пиёдаларни Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш.

Автомобиль йўлларида транспорт воситаларини тўхтатиш ва махсус тадбирларни ўтказиш тартибини такомиллаштириш ҳамда бунинг учун асослар рўйхатини аниқлаш.

Йўл ҳаракати соҳасидаги маъмурий қоидабузарликлар тўғрисидаги материалларни зудлик билан расмийлаштириш ва кўриб чиқишнинг электрон тизимини яратиш.