Ўзбекистон | 01:41 / 25.05.2018
9412
2 дақиқада ўқилади

81 ёшли фахрий ўқитувчи дарс қандай ўтилиши бўйича ёшларга таълим бермоқда

Жарқўрғонлик 81 ёшли фахрий ўқитувчи Худойберди Мамадалиев ўқитувчиларга ўз ҳаётий тажрибаси асосида кимё фанидан дарс ва лаборатория машғулотларини қандай ўтиш кераклиги бўйича “Маҳорат дарси” ўтмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан жорий йилдан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳарда тўртта йўналишда - “Аниқ фанлар”, “Табиий фанлар”, “Гуманитар фанлар” ва “Филология фанлари” бўйича таянч мактаблари белгиланиб, уларда олий таълим муассасалари ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари билан ҳамкорликда педагоглар учун узлуксиз методик хизмат йўлга қўйилган.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги 12-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати кимё фанида туман миқёсида таянч мактаб сифатида белгиланган  бўлиб, муассасада тумандаги кимё фан ўқитувчилари учун узлуксиз методик хизмат ташкил этилган.

81 ёшли меҳнат фахрийси Худойберди бобо Мамадалиев, тумандаги 37-сонли мактабда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган. Жамиятдаги ўзгаришлар, хусусан, таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, унда фаол иштирок этиб келмоқда.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Худойберди бобо Мамадалиев 12-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатида “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттирган ҳолда, кимё фани ўқитувчиларига дарсни қизиқарли ўтиш, амалий машғулотларни олиб бориш, ўқувчилар билан ишлаш бўйича ўзининг кўп йиллик тажрибалари асосида “Маҳорат дарс”ларини ўтиб келмоқда.

Жарқўрғон туман халқ таълими бўлими ҳозирда 80 ёшдан ошган 5 нафар фаол фахрий педагог билан “Устоз-шогирд” анъналарини давом эттиришда ҳамкорлик қилмоқда.

Мавзуга оид