Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Адлия вазири: «Илгари дўппи ёки яктак кийиб юрган одамларнинг жавобгарликка тортилиш ҳолатлари бўлган»
24 май куни Адлия вазирлигида адлия вазири Русланбек Давлетов ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар билан мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Azon.uz хабар бермоқда.
Мулоқот чоғида адлия вазири ибодат либоси масаласига ҳам тўхталиб ўтган.
«Ибодат либоси бўйича айтилган термин бор. Айнан шу терминда масала туғиляпти. Ана шу вақтда (1998-таҳр.) бу термин қонунга киритилган. Фақат битта нарса, русчасига қарайдиган бўлсангиз, “культ” деган сўз таржимада "ибодат" сўзига ўзгартирилган. Лекин ибодат сўзи унчалик тўғри келмайди. Барча динларда ибодат либосига турлича қарашлар бор.
Агар бу модданинг суд жараёнида қўлланишига қарасангиз, дўппи кийиб юрган ёки яктак кийиб юрган ҳолатда ҳам авваллари жавобгарликка тортилган ҳолатлар бўлган. Биз буни тарихдан эшитган мутахассис сифатида тан олишимиз керак. Албатта бу жуда ачинарли ҳолат.
Лекин бу қонун Ўзбекистон Республикасининг қонунида, кодексида ҳозир ҳам турибди. Буни қўллаш масаласида ойдинлик киритиш керакки, ибодат либосини нималигини аниқлаш учун жуда катта ҳаракатлар бўлган. Мен ана шу вақт ҳам ўз фикримни айтганман. “Ибодат либосини аниқлашнинг иложиси йўқ. Ҳамма шароитлар ва барча динларни эътиборга олиб, қандайдир тартибга тушириб, қайсидир ҳужжатда Ўзбекистонда мана шу кийимни кийиб юриш мумкин эмас деган гапни айтиш жуда қийин иш”. Шунинг учун бу ҳуқуқий муаммони албатта ҳал қилиш керак.
Дин ишлар бўйича қўмита ҳам, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам дебатларда иштирок этган. Дин ишлари бўйича қўмита ушбу масала бўйича ваколатли орган ҳисобланади. Қўмита ҳам бу масалада ўз позициясини айтиб келган. Албатта бугунги кунда ушбу масала бор. Буни қайта кўриб чиқиш масаласи, ушбу терминни қонунчиликдан чиқариб юбориш масаласига келсак, фақат Адлия вазирлигининг ўзи бу муаммони ҳал қилмайди. Шу соҳа мутахассислари ва жамият билан биргаликда ўртага ташланиб ҳал қилинадиган масала. Бу масала ҳуқуқий масала бўлганлиги учун ҳал бўлади. Ўзининг ечимини топади. Бу масалага жиддий ёндашиб, масалани ҳал қилиш керак», - деб айтиб ўтган Русланбек Давлетов.
Мавзуга оид
09:17 / 11.06.2026
Профессордан тарбиячигача: педагогик лавозимлар рўйхати белгиланди
08:39 / 04.06.2026
Инсофсиз суғурта агентларининг очиқ реестри юритилади
11:51 / 22.05.2026
ИИВ, Адлия ва Тоғ-кон вазирлиги — давлат бошқарувидаги энг илғор идоралар
15:51 / 12.05.2026