12:40 / 27.05.2018
51951

«Реал», Зидан ва Роналдуда янги рекордлар

«Реал» Чемпионлар лигасида 13-марта ғолиб чиқди. Бу рекорд узоқ йиллар давомида сақланиб қолиши тайин. Энг яқин таъқибчи жуда ортда қолган – «Милан» (7 соврин). Қолаверса, бу жамоа анчадан буён Европа майдонларида кўриниш бермай қўйган. «Барселона», «Бавария» ва «Ливерпуль»да 5тадан ғолиблик бор.

Фото: Reuters

Зинедин Зидан – қаторасига 3 мавсумда Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан илк мураббий сифатида тарихга кирди. Икки ярим йил ичида у «Реал» билан 9 совринни қўлга киритди: Чемпионлар лигасидаги 3 соврин, Испания чемпионатидаги бир ғолиблик, бир Испания Суперкубоги, икки УЕФА Суперкубоги ва клублар чемпионатидаги икки ғалаба.

Фото: twitter.com/@ChampionsLeague

Француз мутахассис 8 финалдан 8тасида ғалаба қозонган. У ўртача ҳар 16 ўйинида битта совринни қўлга киритган. «Реал»даги қисқа муддатли фаолияти давомида Зидан ЕЧЛда Алекс Фергюсон, Хосеп Гвардиола, Жозе Моуриньо, Висенте Дель Боске, Юпп Ҳайнкес, Оттмар Ҳитцфельд ва Арриго Саккидан кўпроқ ғалабаларга эришган. 

Роналду бешинчи марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. Футбол тарихида бундай натижага ҳеч ким эришмаган. У бир ўзи «Барселона», «Бавария» ва «Ливерпуль» каби жамоалар бутун тарихи давомида қўлга киритган ЕЧЛ совринига 8 йилда эга чиқди. Унинг энг яқин таъқибчилари Кларенс Зеедорф ва Андрес Иньестада унга етиб олиш имконияти йўқ, бири футболчилик фаолиятини якунлаган, иккинчиси жорий мавсум якунида Европадан кетди.

Фото: Reuters

Финал ўйинидан кейин Роналду ўзига хос тарзда мақтанди: «Чемпионлар лигасини қайта номлаш керак, турнирни CR7 Чемпионлар лигаси деб аташ тўғрироқ бўларди. Мен яна бешинчи марта ғалаба қозондим, турнирнинг энг яхши тўпурари бўлдим».  

Яна айрим рақамлар: 
• Испан клублари кейинги 5 мавсумда узлуксиз равишда еврокубокларни қўлга киритиб келмоқда. 10 совриндан 9таси (5 марта ЕЧЛ ва 4 марта Европа Лигасии) испанларники бўлди. Жорий мавсумда «Атлетико» Европа Лигаси финалида ғолиб чиққанди.
• Кейлор Навас –Чемпионлар лигаси тарихидаги қаторасига 3 финалда ўйнаган илк дарвозабондир. 
• Гарет Бэйл – ЕЧЛ финалида захирадан майдонга тушиб, дубль қайд этган тарихдаги илк футболчи.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top