Жамият | 17:48 / 29.05.2018
8516
2 дақиқада ўқилади

Дарахтлар кесилиши қонунийлигини қаердан назорат қилиш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳит муҳофазаси қўмитаси сайти (uznature.uz)да янги рукн пайдо бўлди: "Хулосалар рўйхати. Дарахт ва буталарни кесиш бўйича". Бу ерда табиатни муҳофаза қилиш органлари томонидан пойтахт туманлари бўйлаб дарахтларни кесишга берилган рухсатномалар реестри тақдим этилади. Сайтда 2018 йилнинг январь ойи ҳолатига кўра берилган рухсатномалар жойланган. Баъзи туманлар бўйича охирги рухсатномалар - февраль ва март ойларида, бошқаларида эса апрелда берилган. Мурожаат қилганлар — жисмоний ва юридик шахслар, манзиллар, дарахт турлари, уларнинг сони кўрсатилган, деб ёзади Наталия Шелпина. 

Давлат экология ва атроф-муҳит муҳофазаси қўмитасининг бу қадами - узоқ кутилган. Ўқувчиларга эслатиш жоизки, реестрларни юритиш Вазирлар Маҳкамасининг "Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиий ресурслардан фойдаланишда рухсатнома олиш тартиби тўғрисида"ги 290-сонли  қарорида (2014 й.) кўзда тутилган. 

66, 67, 68-пунктларни келтирамиз: "Ваколатли органлар берилган рухсатномалар реестрини юритишади ва уларни ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлашади". 

Берилган реестрда табиатдан фойдаланувчилар ҳақидаги асосий маълумотлар - юридик шахслар номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли; жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, рухсат берилган сана ҳамда рақам ва бошқалар кўрсатилади. 

Берилган рухсатномалар реестридаги маълумот юридик ва жисмоний шахслар танишиб чиқиши учун очиқ ҳисобланади.

Қўмитада юритилаётган реестрда "оқ доғлар" ҳам бор. Унда рухсатномаларнинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган.

Дарахт ва буталарни ноқонуний кесишни назорат қилиш учун фуқаролар яна нималарни билишлари муҳим? Табиатни муҳофаза қилиш органлари қачон веб-сайтда рухсатномалар реестрини тўлдиришади? Экологлар ва дарахтларни кесувчилар хатти-ҳаракатлари шаффофлигини таъминлаш учун бу ишни рухсат берувчи ҳужжат имзоланган куни амалга оширган маъқул, дея хулоса қилади муаллиф.

Мавзуга оид