Фан-техника | 09:09 / 29.05.2018
22998
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг бой одами барча бойлигини Ойни забт этишга сарфламоқчи

Фото: Blue Origin

Amazon ва Blue Origin компаниялари раҳбари Жефф Безос 2020 йилгача орбитага кўп марта ишлатилувчи New Glenn кемаларини учирмоқчи. Бундан ташқари, Безос NASA билан биргаликда Ойни забт этиш учун янги ракета яратмоқчи. Агар у коинот агентлиги билан келиша олмаса, унда бутун бойлиги – 133 млрд долларни шу лойиҳага сарфлашга тайёр. 

Безос келгусида Ойда миллионлаб одамлар ишлашини айтмоқда. Унинг фикрича, бу сайёрамиз экологиясига юклама ва электр энергия сарфини камайтиришнинг ягона имкониятидир. Безоснинг айтишича, коинотдаги заводлар қуёш энергиясидан ишлайди.

“Биз сайёрамизни тарк этишимизга тўғри келади ва биз уни яхшироқ кўринишга келтирамиз. Биз уни шунчаки тарк этамиз, қолмоқчи бўлганлар эса қоладилар. Ер оғир саноат учун энг яхши жой эмас. Балки ҳозир бу биз учун қулайдир, бироқ унча узоқ бўлмаган келажакда – мен юз йиллар эмас, ўн йиллар ҳақида гапирмоқдаман – биз Ерда қилишга одатланган нарсаларни Ойда қилишимиз осонроқ бўлади, чунки бизда улкан миқдорда энергия бўлади”, деб айтган Безос.

Безос бир уринишда Ойга 5 тоннадан кўпроқ юк, кейинчалик эса одамларни етказувчи қурилма моделини намойиш қилган.

Яқинда Безоснинг Blue Origin компанияси жорий йилда ўзининг субортибал кемаси New Shepard’нинг илк ва муваффақиятли синовини ўтказди. Кема жамоаси уни муваффақиятли учириб, қўндира олган. Кема ўзи учун максимал баландликка – 106 кмга кўтарилган. Бу баландлик орқали, халқаро стандартларга кўра, Карман чизиғи ўтади, айнан ундан кейин коинот бошланади. Кема сайёҳларни айнан шу баландликкача кўтариши режалаштирилмоқда. 

Blue Origin 2021-2022 йилларда орбитага Eutelsat Communications SA сунъий йўлдошини етказади. Бу миссия учун компания New Glenn ракетасини қўллайди. Кема ҳозирча лойиҳаланиш босқичида турибди.

Мавзуга оид