Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича Давлат комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси тўғрисида низомга кўра, Давлат комиссияси геология материалларини давлат экспертизасидан ўтказувчи ва фойдали қазилмалар захираларини тасдиқловчи коллегиал орган ҳисобланади.

Қуйидагилар Давлат комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фойдали қазилмалар захираларини таснифлаш ҳамда ҳисоблаб чиқиш, уларни геология-иқтисодий жиҳатдан баҳолаш ва уларнинг саноатдаги аҳамиятини аниқлашнинг мақбул принципларини белгилаш соҳасида ягона сиёсатни ўтказиш;

геологик материалларни давлат экспертизасидан ўтказиш;

оқилона иқтисодий ва экологик асосда конлар захираларини энг тўлиқ ва комплекс қазиб олиш талабларига мувофиқ бўлган ер ости бойликларидаги фойдали қазилмалар захираларини ишончли ҳисоблаб чиқиш учун кондицияларни тасдиқлаш;

республиканинг минерал-хомашё базасини ривожлантиришни таъминловчи фойдали қазилмаларнинг барча турлари захираларини тасдиқлаш.

Давлат комиссияси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) фойдали қазилмалар захираларини таснифлаш ҳамда ҳисоблаб чиқиш, уларни геология-иқтисодий жиҳатдан баҳолаш ва уларнинг саноатдаги аҳамиятини аниқлашнинг мақбул принципларини белгилаш соҳасида ягона сиёсатни ўтказиш соҳасида:

фойдали қазилмалар захираларини таснифлаш ва ҳисоблаб чиқишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, босқичлар бўйича геология-қидирув ишларини олиб бориш, шунингдек,конларнинг саноатдаги аҳамиятини (кондинцияларнинг дастлабки техник-иқтисодий асосланишини, шу жумладан, нефть ва газ конденсати қазиб олишнинг чекланган коэффициентларини, кондицияларнинг техник-иқтисодий асосланишини) геология-иқтисодий жиҳатдан баҳолаш жараёнида методик раҳбарликни амалга оширади;

б) геология материалларини давлат экспертизасидан ўтказиш соҳасида:

фойдали қазилмалар захираларини ҳисоблаб чиққан ҳолда геология материаллари экспертизасини ташкил қилади ва фойдали қазилмаларнинг ҳисоблаб чиқилган захираларини тасдиқлайди, ушбу захираларнинг ўрганилганлик ва ишончлилик даражасининг фойдали қазилмалар конлари захираларининг амалдаги таснифларига мувофиқлигини, уларнинг саноатдаги аҳамиятини ҳамда конларнинг (ёки улар қисмларининг) саноат йўли билан ўзлаштиришга тайёрлигини белгилайди. Фойдали қазилмалар захиралари конни геологик ўрганишнинг барча босқичларида кондицияларнинг техник-иқтисодий асосланиши ва захираларни ҳисоблаб чиқиш бўйича тақдим этилган материаллар захираларнинг миқдори, сифати ва саноатдаги аҳамияти бўйича холисона баҳолаш имконини берган тақдирда тасдиқланиши мумкин;