Жаҳон | 09:17 / 30.05.2018
15284
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг етакчи брендлари юзталиги маълум қилинди 

Фото: Getty Images

Дунёдаги энг йирик реклама компанияси WPP’нинг буюртмаси билан Kantar Millward Brown агентлиги томонидан дунёнинг етакчи брендлари рейтинги BrandZ Top 100 Most Valuable Global Brands 2018 тузилди. 

Унга кўра, етакчи ўнталикдан Хитойнинг 2 та компанияси –  Tencent ва Alibaba ўрин олган, қолган 8 та ўрин эса АҚШ компанияларига тегишли.

Рейтингнинг 1-поғонасини 3 йилдан бери ва охирги 12 йил ичида 8-марта Google эгаллаб келмоқда. Ўтган йил ичида у 23 фоизга қимматлаб, нархи 302 млрд долларга етган.       

2-ўринни 300,6 млрд долларга баҳоланган Apple эгалламоқда. 3-ўринни Amazon (207,6 млрд доллар, 2017 йилга нисбатан 49 фоиз қимматлаган), 4-ўринни Microsoft (201 млрд доллар, +40 фоиз) эгалламоқда. Microsoft 4 йил ичида биринчи бор етакчи учликни тарк этди.

5-ўринни Хитойнинг Tencent бренди 179 млрд долларлик қиймат билан эгалламоқда, эътиборлиси унинг нархи бир йил ичида 65 фоизга қимматлаган. 

Етакчи ўнталикдан, шунингдек, Facebook (162 млрд доллар), Visa (146 млрд доллар), McDonald's (126 млрд доллар), Alibaba (113 млрд доллар) ва AT&T (107 млрд доллар) ўрин олган.

Етакчи брендлар юзталиги 2017 йилга нисбатан 748 млрд долларга қимматлаган ва 4,4 трлн долларга баҳоланган. Бу кўрсаткич рейтинг мавжуд бўлган вақтдаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Етакчи ўнталикдаги 8 та юқори технологик компания ҳисобига брендлар умумий қийматининг учдан бири тўғри келмоқда.

Рейтингга биринчи бор кирган компаниялар Spectrum (27-ўрин), Uber (81), Instagram (91) ва Adidas (100) бўлди.

Ушбу рейтинг 2006 йилдан бери тузилиб келинади. Бу вақт ичида унга кирувчи брендларнинг умумий қиймати 3 мартадан кўпроққа қимматлашган. Ҳозирда етакчи 7 та компания (1,498 трлн доллар) рейтинг илк бор тузилган 2006 йилдаги юзта компаниядан (1,44 трлн доллар) қимматроқ туради.

Мавзуга оид