Ўзбекистон | 07:37 / 31.05.2018
28502
2 дақиқада ўқилади

Ҳукуматда ўзгаришлар, Абдуҳакимов яна бир соҳани назорат қилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ижро тузилмасига қисман ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси хабар берди.

Хусусан, туризмни мамлакат иқтисодиётининг стратегик соҳаси сифатида ривожлантириш бўйича ишларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида:

Вазирлар Маҳкамаси ижро тузилмасида Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси - Инвестициялар, инновацион ривожланиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм Комплекси раҳбари лавозими;

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари - Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт Комплекси раҳбари лавозими тугатилди.

Вазирлар Маҳкамаси ижро тузилмасида қуйидаги лавозимлар жорий этилди:

Бош вазир ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси - Инвестициялар, инновацион ривожланиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш Комплекси раҳбари;

Бош вазир ўринбосари - Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари Комплекси раҳбари.

Қарордан кўриш мумкинки, эндиликда туризм масаласини ҳам яқинда бош вазир ўринбосари этиб тайинланган Азиз Абдуҳакимов назорат қилади. 

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов

 

Мавзуга оид